Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Халқаро цирк санъати фестивали низомини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 январдаги 55-сон қарорига мувофиқ Халқаро цирк санъати фестивали 2021 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта Тошкент шаҳрида ўтказилади.

Ҳужжат билан Халқаро цирк санъати фестивали низоми тасдиқланиши мумкин.

Халқаро цирк санъати фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатлар қуйидаги манбалар ҳисобидан амалга оширилиши инобатга олинади:

Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети параметрларида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига ажратилган бюджет маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари;

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг маҳаллий бюджети маблағлари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайрия маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фестивални ўтказиш бўйича масъул этиб белгиланади.

Халқаро цирк санъати фестивали низомига кўра, фестиваль қуйидагиларни назарда тутган ҳолда ўтказилади:

жаҳон цирк санъати ютуқларидан баҳраманд бўлиш, миллий цирк санъати анъаналарини асраб-авайлаш, томошабинларнинг цирк санъатига бўлган эҳтиёжларини қондириш, миллий цирк дастурлари бадиий савияси ва қамровини кенгайтириш;

цирк санъатининг бетакрор руҳи ва қиёфасини, ўзига хослигини эътироф этиш, халқлар ўртасида дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, тинчлик, дўстлик ва аҳилликни, бой тарихий ва бетакрор маданиятимизни кенг тарғиб этиш кенг тарғиб этиш, мамлакатимиз цирк санъатини жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузини янада ошириш; 

миллий цирк санъатини янада ривожлантириш, бошқа халқларнинг цирк санъати анъаналарини ўрганиш мақсадида ижодий мулоқотлар олиб боришни йўлга қўйиш;

маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, цирк санъати соҳасидаги илмий ўрганиш ва изланишларни ҳамкорликда амалга ошириш, ўзаро тажриба алмашиш, давра суҳбатлари, тақдимот ва маҳорат дарсларини ташкил этиш.