Kun.uz сайтида шу йилнинг 5 январь куни «Хатирчи туман ҳокимлиги ва тадбиркорлар ўртасидаги бир неча йиллик муаммо қачон ечим топади?» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.
Унда ҳуқуқлари бузилаётган хатирчилик 100га яқин тадбиркор ва туман ҳокимлиги ўртасидаги низоли вазият ҳақида журналистик суриштирув натижалари баён қилинганди.
Ўрганиш давомида «Хатирчи деҳқон бозори» МЧЖ ҳудудида фаолият юритаётган тадбиркорлар ўз эътирозларини баён қилишганди.
«Ушбу бозор ҳудудида шахсий дўконларимиз ва кадастр ҳужжатлари бор эди. 2013 йил туман ҳокими бозорни қайта реконструкция қилиш мақсадида дўконларни буздирди. Ўз маблағларимиз ҳисобидан замонавий қилиб қурдик. Барча харажатларни ўзимиз қилдик. Қуриб битказганимиздан сўнг бизга тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб бермасдан янги қурилган дўконларни бозор балансига ўтказишди. Энди ўзимиз қурган дўкон учун биздан ижара пули талаб қилишяпти. Ўша вақтда туман ҳокими пенсия учун бюджетдан пул етмаяпти, ким 50 миллион сўмдан банк орқали бюджетга пул киритса, ўшаларга ерни ва дўконни берамиз, деганди. Тадбиркорлар шунчадан пул қўйди. Бундан ортиқ берганлар ҳам бўлди. Қурилишни ҳам ўз ҳисобимиздан қилдик, айтган пулини банкка қўйдик. Энди айтилган ваъдалар бажарилмаяпти. Ижара ва бошқа тўловларни тўламасак, ўзимиз қурган дўкондан чиқариб юборишмоқчи. Бу масалада 100га яқин тадбиркорнинг боши қотган. Шунча харажат қилиб, нега энди чиқиб кетишимиз керак? Қаерга мурожаат қилсак ҳам беш йилдан буён бу низоли муаммо ҳал бўлмаяпти. Туман мутасаддилари ҳокимиятни ноҳақ қилармиди? Улар учун ҳокимнинг айтгани айтган, дегани деган. Вилоят ҳокимлигидан келганлар эса яна туман ҳокимиятига ҳавола қилиб кетади. Биз тадбиркорларнинг ҳуқуқини ҳеч ким ҳимоя қилмаяпти», – дея эътирозларини билдиришганди тадбиркорлар.
Ўрганиш жараёнида қайта қурилишидан аввал ҳақиқатан ҳам бозордаги дўконлар кадастр ҳужжатларига эга бўлгани, мулк эгаси сифатида тадбиркорларнинг номлари кўрсатилгани, Хатирчи тумани ҳокими ваъдаси билан тадбиркорлар дўконларини бузиб, ўз маблағлари ҳисобидан замонавий кўринишда қуришгани, аммо қурилиш ишлари якунига етганидан кейин дўконларнинг барчаси бозор балансига олингани маълум бўлганди.

Хўш, унда тадбиркорларнинг қурилиш учун сарфлаган катта миқдордаги харажатлари нима бўлади? Ҳужжатлар расмийлаштирилмаса, уларни ким қоплаб беради?





















