Жаҳон | 12:35 / 09.03.2019
4195
2 дақиқада ўқилади

Фарҳод Арзиев Бангладеш президентига ишонч ёрлиқларини топширди

Фото: ТИВ ахборот хизмати

2019 йилнинг 7 март куни Дакка шаҳридаги «Бангабабан» қасрида Ўзбекистон Республикасининг фавқулодда ва мухтор элчиси Фарҳод Арзиев (қароргоҳи Деҳли шаҳрида) Бангладеш Халқ Республикаси президенти Абдул Ҳамидга ўзининг ишонч ёрлиқларини топширди.

ТИВ хабарига кўра, Бангладеш раҳбари маросимдан кейин бўлиб ўтган суҳбат чоғида президент Шавкат Мирзиёевга ўзининг самимий саломлари ва энг эзгу тилакларини етказиб қўйишни сўради ҳамда Бангладеш томонининг Ўзбекистон билан сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканлигини билдирди. Бангладешда Ўзбекистоннинг исломий қадамжоларига улкан қизиқиш мавжудлиги тасдиқланди.

Президент вақт синовида ўтган икки томонлама муносабатлар азалдан дўстона эканлигини қайд этди ва Бангладешда Ўзбекистон элчисининг аккредитация қилиниши мамлакатлар ва халқлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг янада фаоллашишига хизмат қилади, деб ишонч билдирди.

Эслатиб ўтамиз, Фарҳод Арзиев 2017 йилнинг 28 май куни Ўзбекистон Республикасининг Ҳиндистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тасдиқланганди. У илгари Ўзбекистоннинг Германия Федератив Республикасидаги элчихонасида маслаҳатчи лавозимида ишлаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид