Бугун, 9 март куни Ўзбекистон Суперлигасида 1-турнинг икки ўйини ўтказилади. Куннинг марказий ўйини Самарқандда кечади. Юқори дивизионга қайтган «Динамо» қўшни Қашқадарё вилоятининг «Насаф» жамоасини қабул қилади. «Бухоро» эса Ўзбекистон Кубоги соҳиби ОКМК меҳмони бўлади.

«Динамо» - «Насаф»
Бошланиш вақти: 16:00.

Самарқанднинг «Динамо» клуби янги мавсумни Про-Лигада бошлашга тайёрланаётганди. Лекин клуб ўзи учун ҳам кутилмаганда мавсумни Суперлигада бошлаши аниқ бўлди. «Динамо» 2017 йил қандай тушунарсиз тарзда юқори дивизиондан тушириб юборилган бўлса, 2019 йил худди шундай тушунарсиз тарзда юқори дивизионга қайтарилди. Самарқандликлар Суперлигада дебют қилишади, десак тўғри бўлади. Чунки жамоа Илҳом Шарипов мураббийлигида қуйи лигага тушиб кетганида чемпионатимиз бундай жарангли ном билан аталмас эди. У вақтлар юқори дивизионимиз шунчаки Олий Лига дейиларди.

«Динамо» сафида ўзгаришлар кўп бўлмади. Мавсум оралиғида жамоанинг асосий трансфери ҳужумчи Воҳид Шодиев бўлди. Ўз вақтида терма жамоа сафида ўйнаган тажрибали футболчи ўтган мавсумни Про-Лига вакили «Машъал»да ўтказганди. «Динамо» Суперлигага чиқиши аниқ бўлгач яна икки футболчи жамоани тўлдирди. 23 ёшли терма жамоамиз билан Осиё чемпиони бўлган дарвозабон Ботирали Эргашев эндиликда Самарқанд клубида ўйнайди. Жамоа сафида Шоҳрух Эшбўтаев каби яхши дарвозабоннинг борлигини инобатга олсак, бу борада яхшигина рақобат пайдо бўлган.

Бундан ташқари, «Динамо» жамоа етакчиси Жасур Азимовни ҳам ортга қайтаришга эришди. Майдон марказида ишончли ўйин кўрсатиб самарқандликлар меҳрини қозонган Жасур «Навбаҳор»га кетганди, лекин «Динамо» ўз тарбияланувчиси бўлган футболчини ортга қайтарди.

«Насаф» ҳар мавсум олдидан етакчиларини йўқотишига одатланиб қолдик. Ўтган мавсум тугагач Санжар Қувватов ва Одил Ҳамробеков «Аждарлар» учун таниш йўналиш бўйича «Пахтакор»га йўл олишганди. Бундан ташқари, Сайдулло Раҳматов ва Мақсуд Каримов ҳам жамоани тарк этишди. «Насаф» ўз таркибини икки яхши футболчи билан бойитганини ҳам таъкидлаш керак. Ўтган мавсумни «Машъал»да ўтказган Ҳумоюн Муртазоев ҳамда Сардор Абдураимов эндиликда «Насаф»да ўйнашади.

«Насаф» яна икки муҳим вакили билан ҳам шартномани узайтирган. Аввало Рўзиқул Бердиев билан келишув узайтирилгани қаршиликлар учун яхши янгилик бўлди. Шунингдек, бир қанча клублар таклиф билан чиққан марказий ҳимоячи Умар Эшмуродов ҳам «Насаф»да қолди. Рўзиқул Бердиев Қаршида яна янги футболчиларни кашф этган ва жамоа улар билан янги мавсумда совринли ўринлар учун курашишини кутсак бўлади.

Самарқандда ўтадиган «Динамо» - «Насаф» ўйинлари доим қизиқарли ва кўп сонли мухлислар ташрифида ўтган. Шу сабаб бугунги ўйинда ҳам Самарқандда катта футбол гувоҳига айланишимиз кутилмоқда.