“2018 – 2022 йиллар даврида болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури”да замонавий скрининг хизматидан мамлакатимизнингэнг олис туманларида яшовчи аҳоли ҳам тўлиқ баҳраманд бўлишини таъминлаш кўзда тутилган”, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

Хабарда айтилишича, ушбу вазифалар ижроси доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳомиладор аёлларни ультратовуш текширувидан тўлиқ ўтказиш тизими йўлга қўйилиб, бу борада барча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
“Президентимиз ташаббуси билан Давлат бюджети ҳисобидан дунёдаги нуфузли “General Electric” компаниясининг энг замонавий 200 та ультратовуш текшируви аппаратлари харид қилинди. Мамлакатимизнинг барча туман ва шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаларининг пренатал ташхис хоналари юқори технологик имкониятга эга бўлган ушбуаппаратлар билан жиҳозланди”,– дейди соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов.

Вазирнинг айтишича, илгари ҳомиладор аёллар Тошкент шаҳри ёки вилоят марказларига келиб-кетишган бўлса, ҳозирда бунга ҳожат қолмади. Бундан ташқари, авваллари ҳомиладор аёллар ультратовуш текшируви билан 40-50 фоиз қамраб олинган бўлса, айни пайтда Ўзбекистонда ҳар йили ўртача 700 минг нафар ҳомиладор аёл юз фоиз скрининг текшируви билан қамраб олинади.
Энг муҳими, 14 ҳафтагача бўлган муддатдаги ҳомила ўсишида туғма нуқсонларни барвақт аниқлаш, ўлимга олиб борадиган нуқсонларга эга болалар туғилишининг тўлиқ олдини олиш имкони пайдо бўлди.















