Kun.uz таҳририятига ҳуқуқлари бузилаётган тадбиркорлар томонидан кўплаб мурожаатлар келиши давом этмоқда. Аксарият мурожаатларда маҳаллий ҳокимликлар ва тадбиркорлар ўртасидаги турли низолар, тушунмовчиликлар баён этилган.

Самарқанд вилояти, Каттақўрғон тумани, «Мўминхўжа» маҳалласида яшовчи тадбиркор Қурсия Тошпўлатова ҳам бузилган ҳуқуқларини тиклашда ёрдам сўради.

Ушбу мурожаатни жойида ўрганиш мақсадида Каттақўрғон туманида бўлдик ва тадбиркор билан суҳбатлашиб, унинг эътирозларини тингладик.

«Мен узоқ йиллардан буён фармацевтика соҳасида тадбиркорлик билан шуғулланиб келаман. Туманнинг «Каттаминг» маҳалласида хусусий дорихонам бор эди. Дорихона биноси ҳам бизга тегишли, 2014 йилда олди-сотди шартномаси асосида сотиб олганман, эгалик ҳуқуқи ва кадастр ҳужжатлари ҳам бор. Дорихона 2013 йилгача фаолият кўрсатди. 2017 йил май ойида ушбу бинода ёнғин содир бўлди ва бинонинг том қисми ёниб кетди. 2017 йил июнь ойида хусусий корхонамиз фаолиятини тугатдик. Кейинчалик соғлиғим ёмонлиги туфайли ишни қайта давом эттира олмадик. Аммо бино бизга тегишлилигича қолганди. Соғлиғимни тиклаб, 2018 йилдан ўша бинода яна тадбиркорлик фаолиятимни бошлашга ҳаракат қилиб юрганимда, уйимга бир йигит келиб, бинонинг ғиштларини сотишимни сўради. Нега бундай деяётганини сўрганимда, у дорихона биноси махсус техника ёрдамида туман ҳокимияти вакиллари томонидан бузиб ташлаганини айтди. Бизнинг бундан хабаримиз йўқ эди, ҳеч ким огоҳлантирмаган ҳам. Бу қандай ҳол ахир? Бино бизга тегишли бўлса, ўз-ўзидан бузиб ташлашадими? Шундан буён бир неча бор ҳокимият мутасаддиларига мурожаат қилдим. Улар менга «Ўрнига ер берамиз, дорихона биноси жойлашган ҳудуд «Обод қишлоқ» дастурига тушган», дейишди. Ҳуқуқимизни бузиб, ҳеч қандай огоҳлантиришсиз мулкимизни яксон қилишгани етмагандек, шу вақтгача бузилган бино ва тортиб олинган ер эвазига ваъда қилинган ерни ҳам ажратиб беришмаяпти. Бу орада бузилган дорихона биноси ўрнига қишлоқ оилавий поликлиникаси қуришди. Мен эса мулкимдан ажралиб, қуруқ қолдим. Шу адолатданми?», – дейди биз билан суҳбатда Қурсия Тошпўлатова.

Ўрганиш давомида маълум бўлишича, Қ.Тошпўлатова 1986 йилдан буён фармацевтика соҳасида фаолият юритиб келган. 2004 йилнинг июнь ойида Каттақўрғон тумани, «Каттаминг» маҳалласидаги дорихона биносини олди-сотди шартномаси асосида сотиб олган.

Шундан кейин у 2004 йилнинг 14 июлида «Гулизебо – Н.Қ.С» хусусий корхонаси фаолиятини йўлга қўяди.

2004 йилнинг 8 ноябрида Соғлиқни сақлаш вазирлигидан фармацевтика фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олади.