08:03 / 19.03.2019
7552

Асаларичиларга асалари оилаларини қўшни давлатларга «вақтинча олиб чиқиш» режимида кўчириб чиқаришга рухсат берилди

Фото: Getty Images

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Чорвачилик тармоғини янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. 

Ҳужжат билан асаларичилик субъектларига баҳор-ёз мавсумида асалари оилаларини қўшни мамлакатларга “вақтинча олиб чиқиш” божхона режимида кўчириб чиқаришга рухсат берилди.

Белгиланишича, 2019 йил 1 апрелдан бошлаб бир кунлик жўжаларни (ТИФ ТН коди 0105 11 110 0, 0105 11 190 0, 0105 11 990 0) экспорт қилишга рухсат этилади.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси билан биргаликда 10 кун муддатда озуқабоп экинлар етиштирувчиларнинг суғориш тик қудуқларини бурғилаш билан боғлиқ харажатларини қоплаб бериш тартибини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги:

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ҳафта муддатда чорва ҳайвонларини сўйиш корхоналари фаолиятини тартибга солиш ҳамда истеъмол бозорига гўшт ва гўшт маҳсулотларини етказиб бериш тизимини такомиллаштириш бўйича, шу жумладан, ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашёларни ишлаб чиқариш, сақлаш ва сотишга нисбатан ветеринария-санитария қоидалари ҳамда ихтисослашган сўйиш корхоналарига нисбатан ветеринария, ветеринария-санитария қоида ва меъёрларини;

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги ва Қурилиш вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда саноат усулидаги паррандачилик корхоналари фаолиятини амалга оширишда зоотехника, зоогигиена, ветеринария, ветеринария-санитария, экология, санитария, ёнғин ҳамда қурилиш бўйича хавфсизлик талабларини белгиловчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Top