Бугун, 18 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси анжуманлар залида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташаббуси билан “Kongil kozi” лойиҳаси тақдимотига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбатида дипломатик корпус, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган халқаро ташкилотлар, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари, вазирликлар, идоралар, имконияти чекланган, жумладан кўришда муаммоси бўлган инсонлар билан ишлашга ихтисослашган давлат ва жамоатчилик ташкилотлари вакиллари, шунингдек, кўзи ожизлар махсус мактаб-интернати ўқувчилари, журналистлар иштирок этди.

Тадбирда агентлик директори вазифасини бажарувчи Комилжон Алламжонов сўзга чиқиб, Ўзбекистонда ногиронлиги мавжуд инсонларнинг ижтимоий ҳимоясини кафолатловчи қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганлигини таъкидлаб ўтди.

Имконияти чекланган инсонларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий мослашуви ва реабилитациясига кўмак беришга қаратилган давлат ва жамоат тузилмалари фаолият юритмоқда. Ногиронлиги мавжуд инсонлар учун махсус мактаб-интернатлари ташкил этилган. Улардан 12 тасида 3 минг нафардан ортиқ кўзи ожиз ва заиф кўрувчилар таҳсил олади. Бундай мактабларнинг фаолият юритиши ногиронларнинг тарбияси, умумтаълим ва касб-ҳунарга ўргатиш, кейинчалик эса уларнинг ишга жойлашишига кўмак беради.

2018/2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига абитуриентлар қабулининг умумий сонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча равишда фоизли квоталар киритилмоқда. Бу эса уларнинг олий маълумотга эга бўлишини таъминлаб, жамиятга мослашиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Махсус қарорга мувофиқ “Кўзи ожизлар босмахонаси” корхонасининг матбаа ускуналарини модернизация қилиш, бинолари ва ишлаб чиқариш хоналарини таъмирлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилган “Ko`ngil ko`zi» лойиҳасини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг тасдиқланган.