Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази раҳбари лавозимида фаолият юритган Элдор Тоҳирович Арипов Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори лавозимига тайинланди.
Институт сайтида берилган хабарга кўра, институт директорининг биринчи ўринбосари сифатида, аввал Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг ўқув ишлари бўйича проректори вазифасида ишлаган, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сенатининг аъзоси Мир-Акбар Ҳожиакбарович Раҳмонқулов тайинланди.
Шунингдек, институт директорининг ўринбосарлари сифатида Шафоат Файзуллаевна Нуруллаева ҳамда Санжар Алимхонович Валиевлар ҳам тайинландилар.
Институт директорининг маслахатчиси этиб Фарҳодбек Шуҳратбекович Зуфаров тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Стратегик вa минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) – давлат илмий-тадқиқот муассасадир. Институт 1992 йил Ўзбекистон Республикаси президенти фармонига асосан ташкил этилган.
Институт ахборот-таҳлилий ва илмий-тадқиқот фаолиятининг асосий йўналишлари қуйидагилар:
Ўзбекистоннинг ички хавфсизлиги ва барқарор тараққиётини таъминлашнинг долзарб масалалари;
Марказий Осиёда минтақавий хавфсизлик масалалари, минтақа мамлакатлари билан кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари;
халқаро хавфсизлик ва глобал ривожланишнинг жорий тенденциялари, Ўзбекистон Республикасининг жаҳон мамлакатлари, халқаро ташкилотлар ва молия институтлари билан ҳамкорликни истиқболлари.
















