Бугун, 12 октябр куни Бишкек шаҳрида Қирғизистон президенти ҳузуридаги Миллий стратегик тадқиқотлар институти (МСТИ) томонидан БМТнинг Марказий Осиё учун Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази кўмагида ташкил этилган VI Марказий Осиё экспертлар форуми бўлиб ўтди.
Тадбирда Қирғизистон бош вазири Ақилбек Жапаров, БМТнинг Марказий Осиё учун Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе, Қирғизистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Авазбек Атаханов, шунингдек, Марказий Осиёнинг стратегик институтлари раҳбарлари, Қирғизистонда аккредитациядан ўтган дипломатик миссиялар вакиллари, мустақил таҳлилий марказлар ва оммавий ахборот воситалари иштирок этди.

Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Арипов “Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, ишонч даражасини ошириш ва барқарор ривожланиш йўлида” мавзусидаги панел сессиясида маърузачи сифатида иштирок этди. Бу ҳақда институт матбуот хизмати хабар бермоқда.
Элдор Арипов ўз маърузасида Марказий Осиё мамлакатлари экспертлар форуми форматида мунтазам ўтказиб келинаётган учрашувларнинг муҳимлигини алоҳида таъкидлади. Бу – мамлакатлар ўртасидаги ишонч ва ҳамкорлик юқори даражада эканидан далолат беради, деди у.
СМТИ директори 2017 йилгача минтақавий бирлашиш жараёнлари ҳақида гапиришнинг имкони деярли бўлмаганини эътироф этди. Сув ва чегара билан боғлиқ ҳал этилмаган муаммолар жуда долзарб эди. Ўз вақтида бошланган Марказий Осиё иқтисодий ҳамжамияти ва Марказий Осиё ҳамкорлик ташкилоти форматлари етарлича ривожланмаган.
“Ўшанда минтақадаги барча давлатлар ҳам МОҲТ ва МОИҲ моделларини шакллантиришда иштирок этмаган, кўп қарорлар декларатив бўлиб қолган”, – деди эксперт.
Унга кўра, 2017 йилнинг ноябр ойи бу борада бурилиш даври бўлди. Ўшанда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Самарқандда Марказий Осиё бўйича конференция ўтказилди. Тадбирда минтақа давлатларининг барча ташқи ишлар вазирлари иштирок этди. Ўзбекистон раҳбарининг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувини ташкил этиш ташаббуси қўллаб-қувватланди.
БМТ Бош Ассамблеясининг Марказий Осиё бўйича резолюцияси қабул қилингани жуда муҳим, деди Элдор Арипов. Ўзига хос “Самарқанд консенсуси” шаклланди. Марказий Осиёнинг барча давлатлари минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини тасдиқлади. Бу интилишни мазкур резолюция ҳомийлари сифатида фаолият юритувчи минтақа давлатларининг ташқи сиёсатдаги ҳамкорлари қўллаб-қувватлади.
















