Ўзбекистон | 07:54 / 26.03.2019
15078
2 дақиқада ўқилади

Шерзод Шерматов ўзи ўқиган мактабга китоблар совға қилди

Фото: Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати

Халқ таълим вазири Шерзод Шерматов 25 март куни Тошкент шаҳар, Олмазор туманидаги 22-сонли умумий ўрта таълим мактаб кутубхонасига китоблар совға қилди.

Вазирлик хабарида қайд этилишича, вазир ўзи таҳсил олган ўқув муассасасига совға қилган китоблар асосан, ўғил-қизлар маънавиятини юксалтирувчи адабиётлардан, яъни қизиқарли эртак, шунингдек, ўзбек ва жаҳон адабиёти намуналаридан иборат.

- Китоб – билим булоғи. Инсоннинг маънавий улғайишида китоб муҳим аҳамият касб этади. Фарзандларимиз қалбида китобга нисбатан меҳр-муҳаббатни янада кучайтириш, уларда мутолаага бўлган иштиёқни оширишимиз лозим, – деган Шерзод Шерматов.

Эслатиб ўтамиз, 19 март куни Президент раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, китобхонликни тарғиб қилиш масалалари атрофлича муҳокама қилинган эди.

Йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш борасида “Ҳар бир раҳбар ўзининг шахсий кутубхонасидан ўзи таълим олган мактаб кутубхонасига китоблар совға қилса, бу яхши ташаббус бўлиб, китобхонликни ривожлантириш билан фарзандларимиз тарбиясига ижобий таъсир кўрсатади”, дея таъкидлаган эди.

Халқ таълими вазирлиги ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлайди ва барчангизни унда иштирок этишга чорлайди, дейилади вазирлик ахборотида.

Бундан олдин, Абдулла Арипов Жарқўрғондаги мактабга ўз шахсий кутубхонасидан китоблар совға қилганди.

Мавзуга оид