Ҳукумат қарори билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппарати тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга кўра, аппарат Ҳукумат фаолиятини ҳуқуқий, ташкилий-техник, ахборот- таҳлилий ва баённома жиҳатдан таъминлайди, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларини, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлайди, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларини амалга оширишга қаратилган “йўл хариталари”, жадваллар, ҳаракатлар дастурлари, амалий чора- тадбирларни ишлаб чиқади.
Аппарат ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг бош вазири раҳбарлигида амалга оширади.
Аппарат унга юкланган вазифаларни бажаришда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг аппаратлари, суд ҳокимияти ва судьялар ҳамжамияти органлари, шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.
Аппарат юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган муҳр ва бланкаларга, мустақил балансга, ғазначилик шахсий ва банк ҳисоб рақамларига эга бўлади.
Қуйидагилар аппаратнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
мавжуд камчиликларни бартараф этиш, щунингдек, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган асосий принципни ўз вақтида, аниқ ва тўлиқ ҳажмда амалга ошириш;
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Конституциясида, “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида, Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунларида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатларида белгиланган Ҳукуматнинг ваколатлари амалга оширилишини таъминлаш;
мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тенденцняларини комплекс таҳлил қилиниши, макроиқтисодий кўрсаткичлар динамикасининг, таркибий ва институционал қайта ўзгартиришларнинг, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ижросининг тизимли мониторинги олиб борилишини таъминлаш:
макроиқтисодий барқарорликни, иқтисодиёт тармоқлари ва секторларида бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштиришни, ҳудудларни комплекс ривожлантиришни, тадбиркорликни кенг ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва ҳаёти даражасини изчил ошишини таъминлайдиган энг муҳим устувор вазифалар бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ишларини мувофиқлаштириш;

















