Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Қишки спорт турларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан қуйидагилар:

Ўзбекистонда қишки спорт турларини ривожлантириш дастури;

2019-2023 йилларда давлат-хусусий шериклик асосида халқаро стандартларга жавоб берадиган енгил конструкцияли муз қопламали ёпиқ майдонларни қуриш ҳамда уларни замонавий спорт асбоб-ускуналари 
ва жиҳозлаш манзилли дастури;

Оммавий ахборот воситалари, интернет тармоғининг имкониятларидан фаол фойдаланган ҳолда, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш медиа-режаси тасдиқланиши мумкин.

Дастурнинг молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгиланади:

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар, Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари, жамғармалар, спорт федерациялари (уюшмалари), клублари, хорижий инвесторлар, жисмоний тарбия ва спорт жамиятлари маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг:

жойларда барпо этилаётган “Business city” шаклидаги замонавий ишбилармонлик марказлари ҳудудида 2019-2023 йилларда давлат-хусусий шериклик асосида халқаро стандартларга жавоб берадиган енгил конструкцияли ёпиқ муз қопламали майдонларни қуриш ҳамда уларни замонавий спорт асбоб-ускуналари ва жиҳозлари билан таъминлаш;

қишки спорт турлари бўйича хорижий мутахассис ва тренерларни ишга жалб қилиш ҳамда уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида уй-жой ажратиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилиниши мумкин.