Спорт | 17:44 / 28.03.2019
3952
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда қишки спорт турларини ривожлантиришдаги тизимли муаммолар маълум қилинди 

Фото: Pinterest

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Қишки спорт турларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжатда қайд этилишича, қишки спорт турларини ривожлантиришда қатор тизимли муаммолар ва камчиликларнинг мавжудлиги мазкур йўналишда мамлакатнинг мавжуд спорт салоҳиятидан тўлиқ фойдаланишга тўсқинлик қилмоқда. Хусусан:

биринчидан, қишки спорт турларини ривожлантириш учун замонавий моддий-техника базанинг етарли эмаслиги, халқаро стандартларга жавоб берадиган спорт асбоб-ускуналари ва жиҳозларининг етишмаслиги ушбу спорт турларини оммалаштиришда қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда;

иккинчидан, қишки спорт турлари бўйича спорт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг амалдаги тизими бу борада малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёжни қондириш имконини бермаяпти;

учинчидан, давлат-хусусий шериклик шартларида қишки спорт турлари бўйича замонавий моддий-техника базаси ва инфратузилмасини яратиш бўйича нодавлат сектор билан ўзаро муносабатларнинг паст даражада эканлиги ушбу соҳада мавжуд муаммоларни самарали ҳал этишга имкон бермаяпти;

тўртинчидан, жойларда қишки спорт турлари бўйича спорт иншоотлари ва инфратузилмаси мавжуд эмаслиги мусобақаларнинг тизимли ўтказилишига ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни танлаб олиш (селекция)нинг самарали ва шаффоф тизимини яратишга, терма жамоалар таркибини сифатли тўлдириш учун спорт захирасини шакллантириш ва юқори малакали спортчиларни тайёрлашни таъминлашга тўсқинлик қилмоқда;

бешинчидан, малакали мутахассисларнинг етишмаслиги спорт иншоотларини сифатли сақланишига, фойдаланишига ва иншоотлардаги спорт анжом ва жиҳозларига замонавий хизмат кўрсатиш имконини бермаяпти.

Мавзуга оид