Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Халқ таълими тизимида давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Экстернат тўғрисидаги низом тасдиқланиши мумкин.

Низомга кўра, экстернларни аттестациядан ўтказиш бепул амалга оширилади.

Экстернлар рўйхатини шакллантириш

Аттестация тегишли давлат таълим стандартлари доирасида амалга оширилади.

Аттестацияда умумий ўрта таълим дастурларини давлат таълим стандарти асосида 9-синф доирасида мустақил ўзлаштирган ва тегишли йилда 16 ёшга тўладиган ҳамда ундан катта ёшдаги фуқаролар, умумий ўрта таълим дастурларини давлат таълим стандарти асосида 11-синф доирасида мустақил ўзлаштирган ва тегишли йилда 18 ёшга тўладиган ҳамда ундан катта ёшдаги фуқаролар қатнашиши мумкин.

Умумий ўрта маълумот тўғрисида шаҳодатномага эга фуқаролар 11-синф доирасида аттестациядан ўтказилади.

Экстерн бир вақтнинг ўзида 9-синф ва 11-синф доирасида аттестациядан ўтказилмайди.

Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси бошлиғининг буйруғи билан ҳар йили 1 мартга қадар аттестация ўтказиш учун тегишли ҳудуд марказида жойлашган битта умумий ўрта таълим муассасаси белгиланади.

Фуқаролар ўзлари доимий пропискаси ёки турган жойи бўйича ҳисобга олинган манзиллари бўйича мактабга мурожаат этади.

Экстернлар тегишли йилнинг 1 мартидан 1 майига қадар (шу куни ҳам) мактаб расмий веб-сайтидан рўйхатдан ўтади.

Якуний давлат аттестация бошланишидан 10 кун аввал экстернлар қўйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

мактаб директори номига ариза;

баҳолар (ўзлаштириш) табели, агар мавжуд бўлса;

экстерннинг 3,5 х 4,5 см ҳажмдаги 4 дона рангли фотосурати;

паспорт нусхаси, экстерн паспорт олмаган бўлса, унинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси (асли кўрсатилган ҳолда).