Ижтимоий тармоқлар ва YouTube'да "Vagabrothers" номи остида фаолият юритувчи машҳур сайёҳ-блогерлар Марко ва Алекс Айлинглар Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси таклифига биноан Ўзбекистонда бўлди. Kun.uz мухбири Қўмита раиси маслаҳатчиси Беҳруз Ҳамзаевдан олинган маълумотлар ҳамда Vagabrothers саҳифаларидаги видеороликлар асосида Марко ва Алекс Айлингларнинг юртимизга саёҳатига бағишланган мақоласини тақдим этди.
"Vagabrothers" YouTube'даги каналида - 860 000 га яқин, Instagram'да - 144 000 дан зиёд, Facebook'да - 48 000 га яқин "фолловер"га эга.
"Vagabrothers"нинг ўзига хос ижобий томонлари: уларнинг видеороликларга кинематографик ёндашуви ва ахборот узатиш шакли. Уларнинг обуначилари сони ҳозирча миллионга етмаган бўлса-да, кўп профессионаллар айнан шу канални кузатиб боради. Марко ва Алекс Айлинглар билан Ўзбекистоннинг Буюк Ипак йўлидаги ўрни ва ундан қолган меросни кўрсатиб бериш мақсад қилинди, зеро инглиззабон кишилар орасида Буюк Ипак йўлига бўлган қизиқиш катта", - дейди Беҳруз Ҳамзаев.

Унинг сўзларига кўра, "Vagabrothers" муаллифларига пойтахт Тошкент шаҳри ва айниқса, метро жуда ёққан. Шунингдек, миллий таомларимиз ҳам уларга жуда маъқул бўлган. Булардан аввал Ўзбекистонга ташриф буюрган хорижий блогерлар айнан гастрономик туризмга эътибор қаратгани боис Айлинглар миллий таомларга алоҳида тўхталишмаган, асосий эътиборни Буюк Ипак йўли ўтган шаҳарларимиз ва миллий меросимизга қаратишган.





























