«Ёр-ёр» ёки «Маҳаллада дув-дув гап» фильмларини кўпчилик кўрган бўлса керак. Бу фильмларнинг бир неча саҳналарида уйи ҳукумат томонидан бузилган ва ўрнига уй берилган кишилар кўрсатилади. Нега ҳозир ҳам аҳолига бузилган уйлари учун ўша фильмлардаги каби тартибда уйлар берилиши йўлга қўйилмаган?
Kun.uz таҳририятига навбатдаги мурожаат Жиззах вилоятининг Пахтакор тумани ҳудудидаги «Дўстлик» МФЙдан келиб тушди.
Видео: Mover (tas-ix)
Видео: Youtube
«Бу уйлар барак уйлар. Булар 1958 йилда қурилган. Ҳамма нарсаси чириб тамом бўлган. Бизга бу уйларнинг муддати тугагани, ўрнига ер беришлари, уйни эса ўзимиз қуриб олишимиз кераклигини айтишмоқда. 30тадан шифер берамиз дейишди. Бошқа материаллар йўқ, қуруқ шиферни бошимизга қўйиб ўтира олмаймиз-ку? Оиламиз, бола-чақамиз бор. Қурилиш осон иш эмас. Материаллар керак, бетон керак. 20 апрелгача чиқиб кетинглар дейишяпти. Палаткалар олиб келганмиз, ўша жойга чиқиб кетасизлар дейишди. Қариндошларимизнинг уйларига боришимизни маслаҳат беришди. 3 сотих ер ва палатка берамиз, уй олмоқчи бўлсангиз, 20 миллион сўмдан бошланғич тўловини тўлайсиз. Муаммо йўқ дейишди. Биз бунча пулни қандай тўлаймиз? Бунга шароитимиз бўлса баракда яшармидик?

Тўғрисини айтганда, палаткада яшаш ҳеч қандай меъёрларга тўғри келмайди. На мусулмончиликка, на ўзбекчиликка тўғри келади. Битта палаткада 12 киши турар эканмиз. Қандай қилиб? Бир тарафда ёш келин-куёв ётса, бир тарафда қайнота-қайнона ётмайди-ку? Бизга бу тўғри келадими?», дейди касби адвокат бўлган Замира Хидирова.

«3 сотих ер ва шифер берса, мен қандай қилиб қурилиш қиламан? Бир ўзим яшайман. Пенсионер одамман. 260 минг сўм пенсия оламан. Бу пул нимага етади? Биздан сўрасангиз аҳвол шу», дейди Малика Абдужалилова.
«Уй-жойимизни таъминлаб берсин, кейин чиқишга розимиз. Уйда ногирон болаларимиз бор. Улар айтган ҳолатда чиқиб қандай яшаймиз? Палаткамиш...», дейди Норбой Шарифов.























