Kun.uz сайтига кунига турли масалаларда мурожаат қилишади. Бироқ, Андижон вилояти, Жалақудуқ тумани, Ойим қишлоғидаги чет эл корхонасида фаолият юритаётган қиз-жувонларнинг арзи аввалгиларидан бошқачароқ эди.

Жалақудуқнинг Ойим қишлоғи, шоира Нодирабегим (Моҳларойим) шарафига шундай номланган. Қарангки, шу қишлоқдаги мумтоз шоирамиз авлодлари мушкул ҳолатга тушиб қолишибди.

Муаммо нимада?

2018 йили туман марказидан 25 километр узоқдаги (водийда бу узоқ ҳудуд деб номланади) Ойим қишлоғининг Кўкалам маҳалласида хитойлик инвесторларга қарашли JIA EN корхонаси иш бошлайди. Аёллар учун оёқ кийимлари тайёрлашга ихтисослашган фабриканинг очилиши маҳаллий қиз-аёллар учун яхши янгилик эди. Бунгача бу атрофда аёллар ишлаши учун бирорта корхона йўқ эди.

Бир вақтлар фаолият юритган ва қўлдан-қўлга ўтиб банкрот бўлган сочиқ фабрикаси биноси ўрнида иш бошлаган янги корхона сабабли қишлоқдаги 40 нафар қиз-жувон ишли бўлишади.

Қишлоқ аёллари маҳсулот тайёрлаш, тикишни тез ўрганишди. Ва улар чиқараётган шиппаклар бозоргир товарга айланди.

Қарангки, эндигина ишли бўлиб, жамоага аралашиб, кўнгли тўлган қиз-аёлларга корхона туман марказига кўчиши айтилади. Улар севимли ишларидан айрилишни истамаганлари учун турли жойларга мурожаат қила бошлайди.

Юқорида айтганимиздек, бир пайтлар сочиқ ишлаб чиқариб инсонларни иш билан таъминлаган 1 гектар жойда беш-ўн биноларга эга корхона, «ишбилармонлар» ўртасида қўлма-қўл бўлавериб, охири «Ипак йўли» банки тасарруфига ўтиб кетган. Бунга корхонани охирги бўлиб юритган раҳбарлари «Ипак йўл» банкидан кредит олгани сабаб бўлган, кредит эвазига бинолар гаровга қўйилган. Шундай қилиб, айни пайтда ҳудуд эгаси - банк.