Мамлакатимизда олий таълим ва фан соҳалари, жумладан олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимини ислоҳ қилиш бўйича кенг қамровли дастурий тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 февралдаги ПФ–4958-сон «Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони асосида 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг икки поғонали тизими жорий қилиниши муҳим аҳамият касб этди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур Фармони таълим ва фан соҳаларини сифат жиҳатдан ривожлантириш, олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимининг сифати ва самарадорлигини тубдан ошириш, илмий тадқиқот фаолиятига иқтидорли ёшларни кенг жалб қилиш ва уларнинг интеллектуал салоҳиятини ҳар томонлама намоён этиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизими сифати ва самарадорлигини ошириш юзасидан, айниқса кейинги икки йил ичида жуда катта ижобий ўзгаришлар амалга оширилди. Амалга оширилаётган ўзгаришлар тегишли равишда соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ўз аксини топган.

Олий таълим ва фан соҳалари, жумладан олий ўқув юртидан кейинги таълим сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича илмий жамоатчилик ўз фикри ва таклифлари билан турли даражаларда иштирок этмоқда. Бу жараёнда ҳар бир билдирилган муносабатга ҳурмат билан қараган ҳолда таклиф ва фикрлар соғлом, холис ва ҳақиқатга тўғри келиши алоҳида муҳим аҳамият касб этади.

Эркин Каримовнинг «Ўзбекистонда илмий даража бериш тизими: хатоларни тузатиш вақти келмадими?» мақоласи Kun.uz сайтида эълон қилинган. Э.Каримовга сиҳат-саломатлик ва илмий фаолиятига муваффақиятлар тилаган ҳолда мақолада билдирилган фикрлар юзасидан, жумладан қуйидагиларни маълум қиламиз.

Мақолада таъкидланишича, «Фан доктори» илмий даражасига эга бўлган олимларнинг илмий кенгашлар, экспертлик гуруҳлари аъзолигига қўшилиш борасидаги алоҳида имтиёзлари, умуман, илм-фан соҳасидаги турли жараёнларга таъсир этиш имкониятларининг кенгайиши, бу илмий даража беришни маълум маънода «сиёсийлаштириб» юбормоқда. Бу ерда энди ОАКдан кўра соҳада фаолият кўрсатаётган шахсларнинг таъсири, умуман, инсон фактори кўпроқ рол ўйнаяпти десак, тўғрироқ бўлади».