Ўзбекистон Республикаси президенти “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишни имзолади.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш концепциясн маъқулланди.

Концепцияга кўра, фуқаролик қонунчилиги унификация қилинади ва тизимлаштириш мақсадида инвентаризациядан ўтказилади, шунингдек халқаро стандартлар талабларига ва энг яхши хорижий амалиётларга мувофиқлаштирилади.

Фуқаролик кодекси ва бошқа фуқаролик қонун ҳужжатларидаги атама ва тушунчаларнинг ҳуқуқий маънолари уларни аниқ таърифлаш ва бир хилда қўллаш орқали такомиллаштирилади.

Турлича шарҳланадиган ёки амалиётда қўлланилиши масаласида тушунтиришларни талаб қиладиган нормалар чиқариб ташланади ёки такомиллаштирилади.

Фуқаролик кодекси ва бошқа фуқаролик қонун ҳужжатларининг тўғридан-тўғри амал қилиши учун улардаги ҳаволаки нормалар қисқартирилади.

Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишга тўсқинлик қилувчи фуқаролик қонунчилигидаги ҳуқуқий бўшлиқлар ва коллизиялар бартараф этилади.

Жамият ва халқаро стандартларнинг ахлоқий принцип ва маънавий меъёрлари (“ҳалоллик”, “адолат”, “оқиллик” ва бошқа принциплар)ни инобатга олган ҳолда фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларнинг амалдаги принциплари такомиллаштирилади ва янгилари жорий қилинади.

Фуқаролик кодексига фуқаролик қонунчилигининг муҳим тушунча ва институтларини белгилаш борасидаги асосий ҳужжат мақомини бериш мақсадида мавжуд тушунча (атама)лар қайта кўриб чиқилади ва янгилари киритилади.

Фуқаролик ҳуқуқи ва фуқаролик мажбуриятларини виждонан ва муносиб амалга оширишни таъминлашга қаратилган чора ва воситалар такомиллаштирилади.

Маънавий, моддий зарар ва зиёнларни ҳисоблаш тартибини жорий этиш йўли билан фуқаролик қонунчилигининг компенсаторлик функцияси кучайтирилади.

Юридик шахсларнинг ташкилий-ҳуқуқий шакллари оптималлаштирилади, бир-бирига ўхшаш, шунингдек бозор муносабатларида оммалашмаган ташкилий-ҳуқуқий шакллари тугатилади.

Ишончноманинг мажбурий ёзма шакли ва унинг амал қилиш муддатини чеклаш ва бошқаларни қайта кўриб чиққан ҳолда халқаро стандартларга мувофиқлаштириш орқали вакиллик институти такомиллаштирилади.

Мулкдор ҳуқуқларини кенгайтириш йўли билан ашёвий ҳуқуқлар институти кучайтирилади.