Ўзбекистон Суперлигасининг 3-тури доирасида Олмалиқнинг ОКМК клуби Қўқоннинг «Қўқон-1912» клубини қабул қилди ва йирик ҳисобда ғалаба қозонди. Миржалол Қосимов шогирдлари бу ўйинда 7:1 ҳисобида устун келишди.

Ўйинда ҳисоб 10-дақиқадаёқ очилди, мезбонлар ҳужумчиси Зафар Полвонов Жасур Ҳасановнинг пасидан кейин ўткир бурчакдан кучли ва аниқ зарба берди - 1:0.

Ўйиннинг 27-дақиқасида меҳмонлар аъзоси Иқбол Маликжонов иккинчи сариқ карточкани олди ва жамоадошларини қийин аҳволда қолдириб майдонни тарк этди.

32-дақиқада эса бурчак зарбаси амалга оширилиб, рақиб жарима майдончасида тўғри жой танлай олган Дилшод Жўраев мезбонларнинг устунлигини оширди, бу голга ҳам Жасур Ҳасанов ҳаммуаллифлик қилди. 35-дақиқада эса Зафар Полвонов дарвозабон билан яккама-якка чиқиб бориб, биринчи бўлимдаёқ ҳисобни йирик кўринишга келтирди - 3:0.

Иккинчи бўлимни эса қўқонликлар фаоллик билан бошлашди ва 55-дақиқада Қувондиқ Рўзиев пенальти ишлади, меҳмонлар жамоасининг «штатдаги пенальтичи»си Мурод Холмуҳаммедов хотиржамлик билан тўпни дарвоза тўрига жойлади - 3:1.

71-дақиқада эса меҳмонларнинг яна бир вакили Ойбек Рустамов қизил карточка олиб майдонни тарк этди.

Ўйиннинг қолган қисмида мезбонлар меҳмонлар дарвозасига яна 4та гол йўллашди, Дилшод Жўраев 74-дақиқада пенальтидан иккинчи голини урди, Зафар Полвонов эса 76, 79 ва 90-дақиқаларда аниқ ҳаракат қилиб, пента-трикни расмийлаштирди - 7:1. Унга икки голда Зоҳир Пиримов яна бир голда Санъат Шихов ассистентлик қилди.

Шу тариқа, Қосимов шогирдлари мавсумдаги биринчи ғалабасини ўта йирик ҳисобда нишонлади.

Бу олмалиқлар жамоаси 2016 йилдан бери биринчи марта «Қўқон-1912»ни мағлуб этиши бўлди. Жамоалар бунгача Ўзбекистон чемпионати доирасида ўзаро 10 марта дуч келишган, шундан 5тасида ОГМК, 3тасида «Қўқон-1912» ғалабага эришган, яна икки ўйин дуранг билан якунланганди.

Қолаверса, бу ўйин ОКМК учун мавсумдаги илк ғалабадир, бунгача жамоа бир дуранг («Бухоро»га қарши 0:0) ва бир мағлубият («Қизилқум»га қарши 1:3) қайд этганди.

Йирик ҳисобдаги ғалабадан кейин ОКМК очколари сонини 4тага етказиб, турнир жадвалида 13-ўриндан 3-ўринга кўтарилди, «Қўқон-1912» эса 2 очкоси билан 11-ўринда жойлашган.