Инсон ўзи яшаб турган макон тарихи ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишга интилиши табиий ҳол. Ҳар бир киши «Асрлар силсиласи, тамаддун менинг заминимда қандай кечган экан?», деган саволга жавоб ахтаради. Буюк Ипак йўлига дахлдор Андижон қадимги даврдан, бундан деярли 2,5 минг йилдан бери тамаддун саҳнасида ўз ўрнига эга бўлган азим шаҳардир.

Амир Темур ва Темурийлар сулоласи Андижонда узоқ йиллар ҳукмдорлик қилгани мозийдан барчамизга аён. 

Соҳибқирон Амир Темур ҳамда темурийлар ҳақида таълим даргоҳлари ва оммавий ахборот воситалари орқали маълумотлар бериб борилса-да, ушбу шажара ҳақида барибир камдек. Мақола тайёрлаш жараёнида Андижон шаҳри аҳолиси вакилларидан Амир Темур бу шаҳарда бўлганини билиш-билмаслигига қизиқиб сўровнома ўтказганимизда деярли барча елка қисиш орқали жавоб қайтарди.

Сабабини эса борган сари китоб мутолаа қилувчилар сони озайиб бораётганидан излаш керакдек. Чунки, ўлкамиз ҳақида юқори савияда ёзилган тарихий китоблар жуда кўп.

Мақола ёзиш давомида тарихчи олимлар Рустамбек Шамсуддинов ва Абдураҳмон Исҳоқовнинг «Андижон тарихидан лавҳалар» китобидан фойдаландик.

Темурийлар даврида Андижон

«Андижон тарихидан лавҳалар»да келтирилишича, Андижон Амир Темур ва темурийлар даврида маълум бир маънода мустақилликка эга бўлган йирик иқтисодий ва маданий марказлардан бири бўлган. Бу шаҳар Моварауннаҳр вилоятлари ва бошқа мамлакатлар билан алоқаларни амалга оширган, бу ерда зарб қилинган пуллар бошқа жойларда ҳам муомалада бўлган.

«Тарихи Рашидий»да Амир Темурнинг Моварауннаҳр ҳудудларини бирлаштириш учун олиб борган ишларида Фарғона водийси, хусусан, Андижон вилояти ўзига хос стратегик мавқега эга бўлгани баён қилинган.

Амир Темур Шарқий Туркистонни ўз салтанати таркибига киритиш учун Жета улусига беш марта ҳарбий юриш қилган. Саркарда 1375 йил бошида Жета улусига қарши учинчи юришида Фарғона водийси ва Шарқий Туркистоннинг бир қисмини Чиғатой мўғулларидан тозалайди. Лекин Амир Темур қўшинига дуғлат уруғидан бўлган, Жета улуси ҳукмдорлигига даъво қилган амир Қамариддин жиддий қаршилик кўрсатади. Соҳибқирон учинчи юришида амир Қамариддин қўшинларини мағлуб этиб, уларни Қошғар тарафларга суриб чиқаришга муваффақ бўлган.

Амир Темур бу юришдан кейин, 1375 йил бошида Фарғона водийсининг бош шаҳри бўлган Андижонга амир Ҳамидни доруға, яъни ҳоким этиб тайинлайди.