Вазирлар Маҳкамасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизимини жорий этишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарор Ягона электрон тизимни, шу жумладан, Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг таркибий бўлинмаларида жорий этиш ва узлуксиз ишлашини таъминлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишиш (виза қўйиш) жараёнининг зарурий шаффофлигини таъминлаш ҳамда тезлаштириш мақсадида қабул қилинди.
Ҳужжат билан Ягона электрон тизимда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини электрон кўринишда келишиш (виза қўйиш) “Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни талабларига мувофиқ сертификати Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги “Янги технологиялар” илмий-ахборот маркази томонидан белгиланган тартибда бериладиган электрон рақамли имзо билан амалга оширилади.
Шундай тартиб ўрнатиладики, унга кўра:
2019 йил 1 майдан 1 июлга кадар Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси президенти ва Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг ҳужжатлари лойиҳаларини манфаатдор вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан ишлаб чиқиш ва келишиш (виза қўйиш)да Ягона электрон тизимнинг пилот лойиҳаси жорий этилади ҳамда уларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш белгиланган тартибда қоғоз кўринишида ёхуд Ягона электрон тизим орқали электрон кўринишда амалга оширилади;
2019 йил 1 июлдан 1 октябрга қадар - Вазирлар Маҳкамаси аппаратида Ягона электрон тизимнинг пилот лойиҳаси жорий этилади ва унга кўра манфаатдор вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан ишлаб чиқилган ва келишилган (виза қўйилган) Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси президенти ва Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг ҳужжатлари лойиҳалари Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда устувор равишда Ягона электрон тизим орқали электрон кўринишда киритилади;
2019 йил 1 октябрдан бошлаб ва кейинги даврда - манфаатдор вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан ишлаб чиқилган ва келишилган Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси президенти ва Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг ҳужжатлари лойиҳалари келишиш (виза қўйиш) ҳамда кейинчалик қабул қилиш учун Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси президенти Администрациясига фақат Ягона электрон тизим орқали электрон кўринишда киритилади.
Ҳукумат таркибига кирмайдиган давлат органлари ва бошқа ташкилотларга Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси президенти ва Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, манфаатдор вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан келишиш (виза қўйиш) ва киритишнинг мазкур қарор билан белгиланган тартибини норма ижодкорлиги фаолиятига жорий этиш тавсия этилган.
















