Kun.uzʼ нинг навбатдаги суҳбатдоши адабиётшунос олим, ўтган асрнинг энг яхши адабий кўрсатувларидан бири “Ҳайрат”нинг муаллифи Раҳмон Қўчқор бўлди.

Адабиётшунос билан суҳбатимиз “Ҳайрат” кўрсатуви, ўзбек адабиёти, таълим ва тарбиядаги мавжуд камчиликлар, уларнинг ечими, сўз эркинлиги, халқимизни китоб мутолаасидан узоқлаштирган омиллар, шунингдек, халқ тафаккури борасида кечди.

Видео:Youtube.com

 

Видео: Mover (tas-ix)

- Раҳмон ака, яхши биламиз, сиз муаллифлик қилган ва ўтган асрнинг энг яхши кўрсатувларидан бири бўлган “Ҳайрат” кўрсатуви чин маънода кўпчилик инсонларнинг ҳайратига сазовор бўлган. “Ҳайрат”дан ҳайратланган кишилар эътирофини ҳозир эслай оласизми?

- Аввало, эътироф ва мақтов учун, бир пайт тайёрлаб эфирга берганимиз “Ҳайрат” кўрсатуви ҳақидаги ижобий фикрларингиз учун ташаккур. Лекин бир нарсани эслатишим керак, ёдингизда бўлса, ўша пайтларда, буни катта авлод вакиллари яхши эслашади, “Ҳайрат” ёлғиз кўрсатув эмасди. Бу пайтда адашмасам Дилфуза исмли синглимиз муаллифлигида “Синфдош” кўрсатуви бўларди. Қандай жозибали, қандай мулоҳазали ва эркин фикрлайдиган одамларга эркин руҳни берадиган кўрсатув эди.

Ёки раҳматли устозимиз Аҳмад Аъзамнинг “Ўзлик” номли кўрсатуви бор эди. Бу кўрсатувни ҳар ҳафта миллионлаб инсонлар кутар эди. Ёки дўстимиз Дилшод Шамснинг “Кўнгил” номли кўрсатуви бор эди. Айтмоқчиманки, бир дарахт билан боғ пайдо бўлмайди ва “Ҳайрат” ҳам ёлғиз дарахт эмасди, унинг атрофида катта-катта дарахт ва чинорлар кўп эди.

Бунда яна бир савол ўртага чиқади. Хўш, бу каби кўрсатувлар одамлар қалбидан бунчалик чуқур жой олишига сабаб нима?

Бунинг сабаби, назаримда, ўша пайтда телевидениеда раҳбарлик қилган инсонлар соҳанинг ҳақиқий усталари эди. Яъни телевидениеда ҳам ижод, ҳам соҳанинг сир-асрорларини чуқур билган кишилар раҳбарлик қилар эди.