Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев январь ойида Жиззах вилоятига ташрифи чоғида вилоятдаги барча туман ва шаҳарлар марказларини Мирзачўл тумани маркази Гагарин шаҳри каби обод ва кўркам, аҳоли учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилган ҳудудларга айлантириш вазифасини қўйган эди. Хўш, бу вазифалар қандай бажарилмоқда?


Жиззах вилоятининг Пахтакор тумани 1967 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирги кунда аҳоли сони 72 минг 800 нафарни ташкил этади. Асосий инфратузилма объектлари барпо этилган вақт Жиззах чўлларини ўзлаштириш жараёнига тўғри келади. Афсуски, ўзининг қадоқ қўллари билан ризқ яратган, чўлларни обод қилишда жонбозлик кўрсатган чўлқуварлар фаолияти, уларнинг меҳнати-ю, ютуқлари ҳақида мақтов гаплар кўп гапирилса-да, амалда уларнинг турмуши ўз ҳолига ташлаб қўйилди. Салкам ярим аср давомида туманда саноат, уй-жой, ижтимоий объектларни бунёд этиш билан боғлиқ арзирли ишлар бажарилмади. Натижада уй-жойларни сақлаш, йўллар инфратузилмаси, коммунал, ижтимоий соҳалардаги ўткир муаммолар юзага чиқиб, аҳолининг ҳақли эътирозларига, давлат идораларига бўлган мурожаатларининг ошишига олиб келди. Туманда “Обод қишлоқ”,”Обод маҳалла” дастури ҳамда «Илғор ҳудуд» лойиҳасининг изчил амалга оширишга киришилгани моҳиятан ана шундай муаммоларни бартараф этишга қаратилган.



Хусусан, бош режага мувофиқ, туман марказидаги “Дўстлик”, “Дилором”, “Ғалаба”, “Тошкент”, “Самарқанд”, “Олтинкўл” ва “Сувонобод” маҳаллаларидаги бир ҳолатга келиб қолган кўпқаватли ва якка тартибдаги уй-жойлар, боғча, мактаб, тиббиёт, маданият ва спорт масканлари, сервис, хизмат кўрсатиш, савдо нуқталари, муҳандислик-коммуникация тармоқларини яхшилаш юзасидан истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу борадаги ишларни ўз муддатида якунлаш учун зарур ишчи кучи ва техникалар жалб қилинган.

Олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари натижасида туман марказидаги асосий кўча – Шароф Рашидов номидаги кўчанинг қиёфаси кундан-кунга таниб бўлмас даражада ўзгариб бормоқда. Йўл четидаги бетон ариқлар янгиланиб, пиёдалар йўлакчалари қурилмоқда, ўртага тунги ёритгичлар ўрнатилди, яшил майсазорлар ташкил қилиниб, дарахт кўчатлари ва гуллар экилмоқда. Шу кўчада жойлашган уйлар, ижтимоий соҳа объектлари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларининг ички ва ташқи қисмлари ҳамда атрофларида ҳам қурилиш-таъмирлаш ишлари бажариляпти.




























