Ҳукумат қарори билан шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар, шунингдек, шаҳарлардаги, шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги ҳамда овуллардаги маҳаллалар фуқаролар йиғинларининг раислари (оқсоқоллари) томонидан ишончномаларни тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга кўра, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 15-моддасига мувофиқ фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли) хат-хабарларни, шу жумладан пул ва посилкаларни олишга, иш ҳақини ҳамда меҳнат муносабатлари билан боғлиқ бўлган бошқа тўловларни олишга, муаллифлар ва ихтирочиларга тўланадиган ҳақларни, пенсиялар, нафақалар ва стипендияларни, шунингдек, банклардан суммаларни олишга ишончномаларни тасдиқлаши мумкин.
Фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли) томонидан тасдиқланаётган ишончномаларга фуқаролар йиғинларининг номлари қайд этилган муҳр босилади.
Фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли) ишончномаларни тасдиқлашда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ишончноманинг лойиҳаларини тузиш ва ишончномага доир масалалар юзасидан тушунтиришлар бериш;
жисмоний шахслардан ишончномаларни тасдиқлаш учун зарур бўлган ҳужжатларни талаб қилиб олиш.
Фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли) ишончномаларни тасдиқлашда:
жисмоний шахсларга ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда кўмаклашиш, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириб беришга;
томонлар тақдим этган ишончнома лойиҳаларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтириб бериш, уларнинг мазмуни томонларнинг асл мақсадига мос келиш-келмаслигини ва қонун талабларига зид келиш-келмаслигини текширишга;
қонун ҳужжатларига мос келмайдиган ишончномаларни амалга оширишни рад этишга;
ишончномаларни тасдиқлаш вақтида фуқаролар ёки мансабдор шахслар томонидан қонун ҳужжатлари бузилганлигини аниқлаган тақдирда, зарур чоралар кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тегишли органларга бу ҳақда хабар қилишга мажбур.
Ишончномалар давлат тилида расмийлаштирилади. Расмийлаштирилган ишончнома матни фуқароларнинг талабига биноан фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли) томонидан рус тилида ёки имкони бўлса, бошқа мақбул тилда берилади.
Агар, ишончнома мурожаат қилган шахс тушунмайдиган ёки яхши билмайдиган тилда расмийлаштирилса, унда ишончнома матни фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли) ёки мурожаат қилган шахс таниган таржимон томонидан оғзаки таржима қилиниши мумкин. Бу ҳақда ҳужжат матнига ва тасдиқловчи ёзувга ким томонидан таржима қилинганлиги ва матн мазмуни тушунтирилганлиги ҳақида фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли) томонидан ёзиб қўйилиши, имзоланиши ва муҳр қўйилиши керак. Бундай ҳолда мурожаат қилган шахс ўзи биладиган тилда исми, фамилияси, отасининг исмини тўлиқ ёзиб, имзо қўяди.















