Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратлари ва уларнинг ўғиллари Шайх Муҳаммад Имрон Ашраф Усмоний ҳазратларининг Ўзбекистонга ташрифлари давомида ислом молияси мавзусида учрашув ва давра суҳбати ташкил этилди. Унда Муфтий ҳазратлари ислом молиясининг жаҳондаги ҳолати, Покистонда ривожланиш тарихини сўзлаб берди. Шунингдек, ушбу соҳанинг Ўзбекистонда йўлга қўйилишига оид қимматли маслаҳатлари билан бўлишди. "Ислом молияси" телеграм каналида шу ҳақида хабар берилди.

Учрашувда Ўзбекистонда ислом молиясининг ривожланиш истиқболларига оид саволга Муфтий ҳазратлари ҳозирги кундаги энг муҳим вазифа одамларга таълим бериш, ислом молияси бўйича билимларни ошириш зарурлиги, таълим беришга қудрати етадиган маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш кераклигини таъкидлади. Хусусан, Покистонда AAOIFI (ислом молияси соҳасида халқаро стандартларни ишлаб чиқиш билан шуғулланувчи етакчи ташкилот)нинг ҳар бир стандарти бўйича алоҳида мутахассис жалб қилиб дарс ўтиш тажрибаси қўлланилиши айтилди. Шу сабабли мутахассисларни тайёрлашга катта аҳамият бериш кераклиги, китобларни нашр қилиш, ўқув курслари ташкил қилиш, хорижий мамлакатларнинг тажрибали мутахассислари билан ҳамкорлик ўрнатиш зарурлиги тўғрисида фикрлар билдирилди.

Фото: "Ислом молияси" телеграм канали

Муфтий ҳазратлари Покистон тажрибасида ушбу соҳанинг тамал тошлари инвестицион корхоналар томонидан қўйилгани, секин-аста маҳсулотларнинг сони ортиб боргани ва ислом банклари ташкил қилинганини сўзлаб бердилар. Бошланишда ислом молияси маҳсулоти сифатида муробаҳа, ундан сўнг ижара ва бошқа маҳсулот ва хизматлар йўлга қўйилгани айтилди.

Олим ислом молиясида хатарларнинг адолат билан тақсимланиши, мижозга қарздор эмас, ҳамкор сифатида ёндошиш анъанавий банклардан фарқли жиҳати ҳисобланишини қайд этди.

"Кўринишидан олди-сотдига ўхшаган, аслида маҳсулот мавжуд бўлмаган ёки мулк қўлдан қўлга ўтмайдиган ҳар қандай амалиётдан четланиш лозим. Шу ҳолда Ўзбекистонда реал иқтисодиёт ва молия соҳасида ҳақиқий боғлиқлик яратилишига эришилади", - деди у.

Бунга қўшимча равишда ҳазратнинг ислом молиясига оид китобларида бу каби мавзулар батафсил ёритилгани ва уларни Ўзбекистон мусулмонлари ҳам ўқиши кераклиги айтилди. Шу ўринда Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ўзларининг ислом молиясига оид китобларини ўзбек тилига таржима қилиш учун ижозат берди.

Шунингдек, учрашув доирасида Покистоннинг "Мезон банки" ва шариат уламолари билан алоқа ўрнатишга келишиб олинди.