Жамият | 13:30 / 22.04.2019
20246
2 дақиқада ўқилади

Божхоначиларнинг «погони»ни юлиб олган шахсга суд ҳукми ўқилди

11-17 апрель кунлари жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туман суди судьяси Х.Хотамов раислигида Нурафшон шаҳридаги 12-болалар ва санъат мусиқа мактабида очиқ сайёр суд мажлиси ўтказилди.

Суд судланувчи Н.А.га нисбатан жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми («Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш») доирасидаги ишни кўриб чиқди.

Маълум бўлишича, Н.А. 2018 йилнинг 21 сентябрга ўтар кечаси тунги соат 04:00лар атрофида «Ғишткўприк» чегара божхона постининг Қозоғистон Республикасидан Ўзбекистон Республикасига кириш залида текширувдан ўтказилган. У пост инспекторлари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг меъёрдан ортиқча товар - моддий бойликлар олиб ўтмаслик ҳолатлари текширилаётганда уларга қаттиқ қаршилик қилган.

У божхона талабларига бўйсунмай, инспектор Н.Расуловани ҳақорат қилган, тинчлантирмоқчи бўлган инспектор А.Ражабовнинг хизмат кийимидаги махсус унвонининг (погони) бир томонини юлиб олган. У шунингдек, ахлоққа зид ҳаракатларини видеотасвирга тушираётган инспектор С.Абдуллаеванинг қўлига енгил жароҳатлар етказган.

Суд тарафлар фикрлари ва далилларини ўрганиб чиқди. Фуқаро А.Н. Жиноят кодексининг 219-моддасининг 2-қисми билан айбли деб топилди. Унга иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда, 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Шунингдек, Ўртачирчиқ туман ИИБ томонидан киритилган маҳкумлар Б.Бўриев, О.Мадрахимов, К.Писенов, Ж.Пулатов, Ф.Раджапов, М.Рахимов, С.Усманов ва А.Хабибуллаевга тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўталмай қолган қисмини ўташнинг муддатидан илгари шартли равишда озод этиш тўғрисидаги тақдимномаси қаноатлантирилди.

Мавзуга оид