Божхона ходимлари ёқилғи маҳсулотларини мамлакат ҳудудига ноқонуний олиб киришга бўлган уринишларга ўз вақтида чек қўйишмоқда.

Хусусан, “Олот” чегара божхона пости ходимлари юртимизга кириб келган фуқаро Г.М бошқарувидаги “Мерседес-Бенц” русумли юк автомашинасини божхона назоратидан ўтказишди.

Натижада автомашина тиркамасининг остки қисмига яширинча олиб ўтиш мақсадида 1050 литр дизель ёқилғиси беркитилганлиги фош этилди. 

Умумий қиймати 5 730 000 сўмни ташкил этувчи ушбу маҳсулотлар қонунбузардан ашёвий далил сифатида олинди.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.