«Вулверҳэмптон» жорий мавсумда чемпионат етакчиларига қарши ўйинларга алоҳида иштиёқ билан тушмоқда. «Челси»га қарши ўйинларда бир ғалаба ва бир дуранг, «МЮ» билан ўйинларда бир ғалаба ва бир дуранг, «Ливерпуль» билан ўйинда мағлубият (АПЛ доирасидаги иккинчи ўйин ҳали ўтказилмади - охирги турда мерсисайдликлар тақдирини айнан шу жамоа ҳал қилади, шу билан бирга, январь ойида «Вулверҳемптон» «Ливерпуль»ни Англия Кубогидан чиқариб юборганди),«Тоттенҳэм» билан ўйинларда бир ғалаба ва бир мағлубият. Бу жамоа фақат «Сити»га бир ўйинда ютқазди ва иккинчисида дуранг ўйнади. «Бўрилар»га ютқазмаган «Арсенал» ҳам бор эди: жамоаларнинг биринчи даврадаги ўйинида дуранг қайд этилган. Грандлар билан ўйинларда бундай статистика қайд этиш АПЛ учун уникал ҳолдир. Бундай ишни фақат «Сандерленд» (96/97) ва «Блэкберн» (92/93) амалга оширган, бу жамоалар бир мавсумда юқори олтиликдаги жамоаларга қарши ўйинда ҳеч бўлмаганда 4 мартадан ғалабага эришганди.
Бу мавсумда эса «Вулвс» кучли олтиликдаги жамоаларга қарши ўйинларда 13 очко олди, бу борада фақат «Ливерпуль» ва «Манчестер Сити» яхшироқ статистикага эга. Жамоа лидерларга қарши 10 ўйиндан фақат 3тасида ютқазганди. Таққослаш учун, «бўрилар» хавфли ҳудуддаги жамоаларга қарши 5 ўйиндан ҳам 3тасида ютқазган.
«Вулверҳэмптон» Сульшернинг «Манчестер Юнайтед»га келишидан кейин бошлаган сеҳрли мағлубият сериясига барҳам берган жамоа бўлганди - 2:1. Норвегиялик мутахассис ўшанда бу мағлубиятни ортга қайтишнинг бошланиши деб атаганди.
Унаи Эмерида бу ўйин арафасида ташвишланишга асослар етарли эди. Ўйин арафасида у ўз футболчиларининг ўйинга тайёргарлиги ҳақида гапирмасликка ҳаракат қилди.
«Кутамиз. Мен кимлар ўйинга тайёрлиги ҳақида айта олмайман. Мен футболчиларга алоқадор ҳеч қандай маълумотни, схемалар, заявка, таркиб ҳақида айтмайман.
Чака бугун ўйнайдими? Кечирасиз, мен барча маълумотни эртанги ўйингача сир сақламоқчиман. Бу сиз туфайли эмас, шунчаки бу ўз фойдамиз учун.
Мен биринчи марта шундай қилмоқдаманми? Баъзида одатларни ўзгартириб турган маъқул. Мен шуни афзал билдим. Гап сизда эмас, бу жамоамизнинг турнир жадвалидаги ўрни учун», – дея хавотирдалигини билдирганди Эмери.
Лекин биринчи бўлимдаёқ баскнинг методи иш бермагани аён бўлиб қолди. Нуну Эшпириту Санту шогирдлари танаффусга қадар уч гол уриб улгурди, бу клуб тарихидаги илк марта шундай натижа кўрсатилиши эди.

«Бўрилар» «Арсенал»ни охирги марта 40 йил муқаддам енгишганди. 1979 йилдан кейин жамоалар жами 20 учрашув ўтказишган, бу ўйинларнинг 16тасида лондонликлар ғолиб бўлишган, 4 ўйин дуранг билан якунланганди. Улар бу сафарги ўйиннинг иккинчи бўлимида ҳеч бўлмаса битта жавоб голи уриш учун ҳаракат қилишди.

















