Кеча, 25 апрель куни интернетда бир гуруҳ балиқчилар Тошкент денгизида 35 килограммлик балиқ овлагани суратлари тарқалиб, шов-шувларга сабаб бўлди. Ижтимоий тармоқларда балиқчиларни омадли ва маҳоратли деб мақтаганлар етарлича топилди. Улар орасида бу суратдан илҳомланиб, ўзи балиқ тутишга шайланганлар ҳам йўқ эмасди. Kun.uz мухбири танганинг иккинчи томонини ҳам ўрганиш мақсадида соҳа вакилларига мурожаат қилди.

«Мақтайдиган нарса эмас, аксинча...»

«Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси вакилларининг айтишича, кўпчиликнинг ҳавасини келтирган суратдаги «қаҳрамон-балиқчилар»ни мақташ мутлақо ўринсиз, чунки улар – браконьерлардир.

«Бу хабар тарқалганидан биз хавотирга тушдик, чунки бу – ноқонуний нарса. Расмларни кўриб, 35 килограммлик балиқ овлангани одамларни ҳавасини келтирди. Ваҳоланки, бу браконьерликка киради. Уни тарғиб қилиш эмас, унинг ёмон оқибатларини кўрсатиш керак.

Бу – мақтанадиган, хурсанд бўладиган нарса эмас. Кимдир ҳавзани ижарага олиб, ўз ҳисобидан уни балиқлантирган, ем берган; кимдир эса тайёр етиштирилган балиқни кечаси келиб овлаб кетяпти, кейин уни сотиш орқали шахсий манфаат кўряпти», – дейди уюшма раиси ўринбосари Шуҳрат Раҳматов.

Балиқчи-браконьерлар «авжига чиққан» пайт

Маълум бўлишича, Ўзбекистонда йилнинг бу пайтида табиий сув ҳавзаларида балиқ овлаш мумкин эмас.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятларидан ташқари Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида 15 апрелдан 1 июнга қадар табиатда балиқ овлаш тақиқланади, юқоридаги икки ҳудудда эса бу муддат – 25 апрелдан 10 июнгача. Бироқ, шунинг баробарида балиқчиликда айнан ҳозир – браконьерлик энг авж олган пайтдир.

«Бу оралиқ муддат – балиқларнинг кўпаядиган даври, бу пайтда табиий ҳавзаларда балиқларга антропоген таъсир бутунлай тақиқланади», – дейди «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси бўлим бошлиғи Камолхўжа Исмоилхўжаев.

Унинг тушунтиришича, бу даврда ҳамма балиқ турлари икра ташлаш учун қирғоққа чиқади. Балиқлар илиқроқ, кислород сероб бўлган саёз жойларга чиқиб, ўт-ўланларга уруғ ташлайди. Уларда бу пайтда фаоллик ҳам пасаяди, қўлга тушириш анча осонлашиб қолади.

«Браконьерлар эса айнан шундан – балиқларнинг икра қўйиш пайтидаги пассивлигидан фойдаланишади. Улар саёзликка чиқадиган балиқларни калтаклар билан кутиб туришади. Йилнинг бошқа пайти бўлганида бундай катта балиқни ушлаш осон бўлмасди», – дейди Исмоилхўжаев.