Жаҳон | 00:07 / 28.04.2019
8174
2 дақиқада ўқилади

ЕИ АҚШнинг қурол савдоси тўғрисидаги шартномадан чиқиши дунёдаги тинчликка рахна солишини билдирди

Евроиттифоқ АҚШнинг қурол савдоси тўғрисидаги халқаро шартномани ратификация қилишни рад этиши борасидаги қароридан афсусда. Бу ноқонуний қурол трафигига сабаб бўлади ва дунёдаги тинчликка рахна солади. Бу ҳақда ЕИнинг баёнотида айтилади.

"Назорат қилиб бўлмайдиган қурол савдоси дунёнинг аксарият қисмларида ҳарбий низолар, терроризм ва уюшган жиноятчиликка сабаб бўлиб, одамларга улкан азиятлар олиб келади. Ўқотар қуроллар йилига ярим миллионга яқин кишининг ҳаётига зомин бўлади", - дейилади унда.

Жума куни Дональд Трамп АҚШ сенатидан Барак Обама президентлиги даврида имзоланган шартномани ратификация қилиш жараёнини тўхтатишни сўрашини маълум қилди. Америка президенти шунингдек, БМТни АҚШнинг мазкур шартномада қатнашмаслиги ҳақида хабардор қилмоқчи эканлигини айтди.

Ушбу шартнома халқаро қурол савдосини тартибга солувчи юридик ҳужжатдир. У жанговар танклар, жанговар зирҳланган машиналар, йирик калибрли артиллерия тизимлари, жанговар самолётлар, жанговар вертолётлар, жанговар кемалар, ракеталар, ўқотар қуролларга нисбатан қўлланилади.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид