Жаҳон | 08:45 / 29.04.2019
18429
2 дақиқада ўқилади

Эрон АҚШга Ҳурмуз бўғозини ёпиш ва ядро қуроли ҳақидаги келишувдан чиқиш билан таҳдид қилди

Фото: REUTERS

Агар Вашингтон Эронга қарши санкцияларни кучайтирса, Теҳрон Форс кўрфазидан Ҳурмуз бўғози орқали ўтувчи нефть етказмаларини тўсиш билан таҳдид қилмоқда. Бу ҳақда 28 апрелда Эрон қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Муҳаммад Багарий маълум қилди. Бу ҳақда Isna ахборот агентлиги хабар берган. 

Багарийнинг таъкидлашича, яқин вақтларгача АҚШ авиаташувчи кемалари Ҳурмуздан ўтишни Эрон Ислом инқилоби соқчилари корпуси билан келишиши керак бўлган, шу сабабли Вашингтонда Эрон нефть олиб чиқилишини қанчалик самарали тўса олиши мумкинлигини билишади. 

Фото: RT

“Агар бизнинг нефть бу бўғоздан ташилмаса, унда бошқа давлатлардан нефть ҳам у орқали ташилмайди”, деб айтган Эрон вакили.

Euronews телеканалининг хабар беришича, Эрон АҚШ санкциялари кучайтирилишига жавобан, шунингдек, Ядро қуролини тарқатмаслик ҳақидаги келишувдан чиқиши имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф маълум қилган.   

“Эронда бир нечта вариант бор ва ҳукумат ҳозир уларни кўриб чиқмоқда. Келишувдан чиқиш улардан бири. Давлатимиз АҚШ санкциялари сабабли баъзи қийинчиликларни бошдан кечирмоқда, бироқ бизда бу соҳада тажриба бор. Биз бундай чораларни қандай четлаб ўтишни биламиз ва вазиятдан чиқа оламиз. Эрон халқининг тажрибаси ва кучи эвазига биз бу санкцияларнинг салбий таъсирини минималлаштирамиз”, деб айтган Зариф.

АҚШ 2018 йилда бир томонлама тартибда Эрон ядровий дастури бўйича келишувдан чиқиб, Теҳронга қарши яна санкциялар киритган. Бироқ АҚШ бир қатор давлатларга вақтинчалик истиснолар ўрнатиб, маълум муддатгача Эрон нефтини сотиб олганлик учун бу давлатларга қарши санкциялар киритмасликка қарор қилган. 22 апрелда эса Дональд Трамп маъмурияти бу истиснолар 2 майдан кейин узайтирилмаслигини эълон қилди. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид