Бугун, 29 апрель куни Ўзбекистон Миллий матбуот маркази биносида Ички ишлар вазирлигининг Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси матбуот анжумани ўтказди.
Унда ички ишлар органларида кадрлар билан ишлаш, тизимдаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ва лицейлар масаласи муҳокама қилинди.

Йиғилишга бошқарма бошлиғи генерал-майор Қутбиддин Бурхонов раислик қилди. Шунингдек, тадбирда ички ишлар тизимидаги кадрлар билан ишлаш тизимидаги раҳбар ходимлар ҳам қатнашишди.

Мактаб-интернатлар ҳақида берилган саволларга тўғридан-тўғри мактаб директори, подполковник Шерали Тўраев жавоб берди.
«Мактабнинг асосий мақсади ички ишлар, божхона, мудофаа ва бошқа ҳарбий муассасалар ходимларидан хизмат вақтида ҳалок бўлганлар ёки ногирон бўлиб қолганларнинг фарзандларини ижтимоий ҳимоя қилиш, таълим-тарбия бериш учун ташкил этилган. Шу билан бир қаторда, қабул квоталарининг 80 фоизи юқоридаги келтирилган тоифалар учун, яна 20 фоизи бошқа болалар учун ажратилади. Мактабга 4-синфни тамомлаган ўқувчилар қабул қилиниши белгиланган. Қабул жамловчи идоралар томонидан расмийлаштирилади. Танловда иштирокчиларнинг билим савиясини текшириш мақсадида диктант ва тест синовлари ўтказилади.

Ўқувчилар ўқиш даврида мавсумий кийим-кечак, тўрт маҳал озиқ-овқат, пойабзал, юмшоқ анжомлар ва бошқа зарур буюмлар билан бепул таъминланади», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Олмалиқ шаҳар малака ошириш маркази раҳбари, подполковник Умиджон Нуриллаев эса Ички ишлар тизимида ишлаб пенсияга чиққан ходимлар ҳақида маълумот берди.
«Ўрганишлар натижасида «Маҳалла посбони» лавозими тугатилиб, унинг негизида профилактика инспектори ёрдамчиси лавозими жорий этилди. Бундан мақсад ушбу лавозимни ички ишлар тизимига киритиш эди. Авваллари ёши 50-60 ёшдан ошган кишилар ҳам маҳалла посбонлари бўлиб ишлайверишган. Профилактика инспекторларига уларнинг ёрдами кўп ҳам тегмаган. Ҳозир бу масалада ҳукумат ўз тартибини ишлаб чиқди. Энди профилактика инспектори ёрдамчилари 30 ёшгача бўлган кишилар орасидан, Ички ишлар вазирлиги томонидан ташкил этилган комиссия томонидан ўрганиб чиқилган ҳолда танлаб олинади», дейди ички ишлар раҳбар ходими.















