Менежмент даҳоларидан бири, жаҳоннинг энг кўп ҳақ тўланадиган маслаҳатчилари қаторида турадиган Ицхак Адизес РБК билан суҳбатда коррупцияга қарши кураш, демократия, бугунги жамиятдаги тафовутлар ҳақида сўз юритди.
— Сиз яқинда Мексика президенти Андрес Мануэл Лопес Обрадорга маслаҳатлар битилган очиқ хат йўлладингиз. Россия раҳбариятига ҳам худди шундай хат ёзадиган бўлсангиз, қандай маслаҳат берган бўлардингиз?
— Мен 50дан ортиқ мамлакатларда маъруза ўқийман ва барча жойда битта умумий муаммо мавжуд — коррупция. Нима учун бу ҳодиса кенг тарқалган ва унга қарши қандай курашилмасин, муҳим аҳамият касб этади? Яҳудийларда бир мақол бор: девордаги туйнук ўғрини жалб этади. Ҳозирда дунё изчил ўзгаришларни бошидан кечирмоқда — иқтисодиёт, одамлар ҳаёти, технологиялар жуда тез ўзгармоқда. Ана шу ўзгаришлар боис мамлакатда бошқарув издан чиқмоқда ва девордаги туйнуклар кўпайиб бормоқда. Давлат тизими ишламайдиган жойда коррупция айланма йўлларни топишга ёрдам беради. Шунинг учун унга қарши қатъий жазолар, масалан Хитойдаги каби қатл қилишлар билан курашиб бўлмайди. Агарда коррупцияга барҳам берилса, ҳамма нарса ишлашдан тўхтайди. Гап шундаки, коррупция — бюрократиянинг тескари томони: масалан, ўша Мексикада олма ҳосилини териб олиш керак, давлат ҳосилни териб олишни назорат қилувчи 88та қоидани ўрнатган. Бундай шароитда ишлаш учун одамлар истаса-истамаса қонунни бузишларига тўғри келади. Шу боис, Мексика президентига бизнеснинг барча соҳаларида тартибга солишни соддалаштириш, уни янада тушунарли ва шаффоф қилишни маслаҳат бердим.
— Ўз блогингизда қизиқ ҳолатни тасвирлагансиз: барча собиқ ва амалдаги коммунистик давлатларда жамоат жойлари — кўчалар, бекатлар, спорт майдончалари ифлослигини, демократик давлатларда эса топ-тозалигини айтгансиз. Нега шундай?
— Нафақат коммунистик мамлакатларда, балки барча собиқ мустамлака давлатларда шундай. Барча авторитар давлатларда ҳам. Бундай мамлакатдаги исталган уйга киринг ва сиз зиналар ифлослигини, деворлар ёрилиб кетганини кўрасиз. Хонадон ичига кирсангиз – топ-тоза ва чиройли. Нима учун ичкарида ва ташқарида бундай фарқ бор? Чунки бундай мамлакатлардаги одамлар шундай ўйлашади: бу меники, бу сеники, сеники билан меники ўртасидаги барча нарсалар ҳеч кимники эмас, улар ҳақида давлат ўйласин, уларнинг бизга алоқаси йўқ. Бундай мамлакатларда халқ ўзини ҳукуматга қарама-қарши қилиб қўяди. Демократик давлатларда эса одамлар бошқача ўйлашади: ҳукумат бу биз, демак, барча жамоат жойлари бизники. Мен яшайдиган Санта-Барбарада кўчада бир парча қоғоз ерда ётганини топа олмайсиз. Нима учун? Чунки ҳар шанба куни одамлар ўз кўчаларидаги чиқиндиларни йиғиштиришади, демократиянинг кучи мана шунда.















