Янги инновацион ғояларни ўзида мужассам этган Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгаши тасарруфидаги Наманган шаҳар ўқув-спорт клуби фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган маросимда Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти марказий кенгаши, Наманган вилояти ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари, мудофаа, ички ишлар бошқармалари раҳбарияти, Миллий гвардия ва ҳарбий қисмлар аскарлари, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийлари, “Ватанпарвар” ташкилоти Фарғона ва Андижон вилояти кенгаши раислари ҳамда ходимлари, ёшлар, меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари иштирок этишди.



Тадбирда мамлакатимизда ёшларнинг маънавий ва жисмоний камолоти йўлида яратилаётган кенг имкониятлар, уларни соғлом турмуш тарзи ва ватанпарварлик тамойиллари асосида тарбиялаш, бу борада адабиёт, санъат, спорт каби оммавий воситалардан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
– Инновацион технологиялар жорий этилган мазкур ўқув-спорт клуби ҳарбий ватанпарварлик тарбияси билан бирга Президентимиз илгари сурган 5 та муҳим ташаббусни ўз ичига олган, – дейди Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти марказий кенгаши раисининг ўринбосари М.Умаров. – Муассасада ёшларни интеллектуал ва жисмонан камол топтириш, уларнинг қизиқишларини ошириш ва бу борадаги қобилиятини ривожлантириш учун барча шароит яратилган.
Ушбу ўқув-спорт клуби давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 12 декабрдаги “Ёшларни ватанпарварлик руҳида ва жисмоний тарбиялаш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Йўл харитаси”га мувофиқ барпо этилди.
Клуб мажмуаси 17 та назарий ўқув хонаси, янги 2 та лаборатория – амалий ўқув машғулотлари хонаси, 1 та маънавият ва маърифат хонаси, ўқув машқ майдони (автодром), автомобилларни сақлаш учун усти ёпиқ жой (навес), автомобилларни ювиш жойи (автомойка), техник назорат маскани, ишчи – хизматчилар ва ҳайдовчиликка таҳсил олувчи ўқувчиларни маданий дам олишлари учун ташкилот худудида рангли фаввора ва бошқа кўплаб зарур техник-хўжалик иншоотларини ўз ичига олган. Ҳар бири 25 нафар ўқувчига мўлжалланган ўқув хоналари инновацион ғоя ва технологиялар асосида жиҳозланган. Сўнгги русумдаги ахборот-коммуникация технологиялари, 50 дюмли “Artel” телевизорлари ва “Smart Board M-600” интерактив анимацион доскаси, интерактив доскалар, “Ласетти” автомобили ва “UzOtayul” автобусининг ҳаракатланувчи қирқимли модели, светофорлар ва аҳоли яшайдиган ҳудуд макетлари, иккита замонавий автотренажёрлар, назарий ва амалий машғулотлар уйғунликда олиб борилишини таъминлайди. Ўқув хоналари, хусусан, якуний имтиҳон олиш хонасига ўрнатилган аудио-видео кузатув қурилмалари ўзаро жамоатчилик назорати тамойили сифатида ўқув жараёни шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.





















