Ўзбекистон | 14:25 / 13.12.2022
11497
2 дақиқада ўқилади

“Ватанпарвар” қордан ҳам “фойдаланмоқда”: ўрганувчилар учун “вождения” ўтказилмаяпти

“Ватанпарвар” ташкилотининг жойлардаги бўлимларида 2 ҳафтадан бери бўлажак ҳайдовчилар учун амалий машғулотлар ўтказилмаяпти. Ҳолат йўлларнинг музлама эканлиги (!) билан изоҳланмоқда. 

Kun.uz’га “Ватанпарвар” ташкилотининг Юнусобод тумани бўлимидан амалий машғулотлар (вождения) ўтказилмаётганлиги, бу учун бензин берилмаётгани ҳақида мурожаат келиб тушди. Kun.uz манбаларига кўра, бундай ҳолат ташкилотнинг фақатгина Юнусобод эмас, бошқа ҳудудлардаги бўлимларида ҳам кузатилган.

Бугундан эътиборан 5 кишига 1 та машина ва 1 кунга 5 литр бензин берила бошланган. Аммо бу ўрганувчи учун жуда кам миқдор: машина рули кимнингдир қўлига тегмай ҳам қолади, дегани, дейди манба.

Kun.uz мухбири “Ватанпарвар” ташкилоти билан боғланиб, ҳолатга изоҳ олди. Ташкилот матбуот котиби Лазиз Бўроновнинг билдиришича, амалий машғулотлар йўллар музлама эканлиги сабабли ўтказилмаган:

Амалий машғулотлар ўтказилмаганига сабаб йўлларнинг музлама бўлгани. Сезган бўлсангиз, жамоат транспортига ҳам юклама кўпайиб кетди, ҳамма ўзини метрога уряпти. Бизлар биринчи навбатда ўқувчиларнинг хавфсизлигини ўйлаймиз. Бугундан “вождение”ни йўлга қўямиз”. 

Аслида Тошкент йўлларида 1-2 кун музлама кузатилди, холос. “Ватанпарвар”нинг бу изоҳи ташкилот ҳатто қордан ҳам баҳона сифатида фойдаланишга уринаётганлигини кўрсатади. Ўз вақтида амалий машғулотларни ўтамаган, кўникмасини оширмаган ўрганувчилар эса эртага хавфли ҳайдовчига айланиши мумкин.  

Мавзуга оид