Ўзбекистон | 09:50 / 07.05.2019
48473
3 дақиқада ўқилади

Қўқонда Hyundai Ioniq ва Hyundai Kona электромобиллари ишлаб чиқарилиши мумкин

Фото: International Business Times

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона шаҳридаги Listem-Fergana қўшма корхонасига ташрифи давомида вилоятда амалга оширилиши режалаштирилаётган эътиборга молик лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Президент матбуот хизмати хабарида айтилишича, Hyundai билан ҳамкорликда «Қўқон» эркин иқтисодий зонасида электромобиллар ишлаб чиқариш, Водил кўмир конида кўмир қазиб чиқариш, тошдан экологик тоза қоғоз ишлаб чиқаришга (буниси электромобилдан ҳам қизиқ) оид режалар, «Фарғонаазот» ва «Қўқонсуперфосфат»ни модернизация қилишга қаратилган лойиҳалар муҳокама қилинган.

Президент лойиҳаларни маъқуллаб, уларни амалга оширишда сифат ва муддатга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаган.

«Ўзбекистон 24» телеканалининг ушбу ташрифга бағишланган дастурида лойиҳанинг айрим тафсилотлари бўйича маълумот берилди.

Телеканал лавҳаларида Hyundai Ioniq хэтчбеки ва Hyundai Kona кроссоверлари кўрсатилди. Замонавий электромобиллар ишлаб чиқариш ва улар учун инфратузилма яратиш кўзда тутилган лойиҳага кўра, Жанубий Кореянинг Hyundai Motor ва Evergreen Motors компаниялари ҳамда Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида амалга оширилади. Лойиҳага кўра, 2021 йилда завод қурилишини бошлаш, 2023 йилдан эса Ўзбекистонда серияли электромобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган.

«Қўқон» ЭИЗ ҳудудидаги ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 300 миллион долларга баҳоланган, лойиҳа доирасида электромобиллар ишлаб чиқарилишидан ташқари, улар учун зарур инфратузилма (масалан, электромобилларни қувватлантириш тармоқлари) ҳам ташкил этилади. Яратиладиган иш ўринлари сони- 1000 киши, ишлаб чиқариш қуввати - 10 мингта электрда ҳаракатланувчи автомобиль.

Маълумот учун, 2016 йилдан бери ишлаб чиқарилаётган Ioniq электрокари бир марта тўлиқ қувватлантирилганидан сўнг 280 километргача йўл босиши мумкин.

Hyundai Ioniq
Фото: International Business Times

Электрда юрадиган версияси 2018 йилдан бери йиғила бошлаган Hyundai Kona эса битта тўлиқ қувватда 470 километргача йўл боса олади.

Hyundai Kona
Фото: International Business Times

Эслатиб ўтамиз, Жанубий Кореянинг Hyundai Motor ва Evergreen Motors компаниялари билан ҳамкорликда Наманган вилоятида тижорат автомобиллари ва автобуслар ишлаб чиқарувчи автозавод қуриш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Режага кўра, заводда илк маҳсулотлар 2019 йил сентябрида тайёр бўлиши кўзда тутилган.

Мавзуга оид