Чоршанба оқшомида «Йохан Кройф Арена» ўйингоҳида Чемпионлар лигаси яримфинали доирасидаги яна бир учрашув ўтказилади.
Чемпионлар лигаси. 1/2 финал. Жавоб ўйини
Аякс – Тоттенҳэм
8 май. Амстердам. «Йохан Кройф Арена» стадиони. 00.00.
Ҳакам: Брих (Германия).
Биринчи ўйин – 1:0.
Уйдаги омадсизлик
«Тоттенҳэм»нинг бир ҳафта олдин Лондондаги омадсизлигидан кейин «шпорлар»нинг ЕЧЛ финали орзусига катта сўроқ белгиси қўйилганди. Бу мавсумда кашфиётга айланган ёш голландлар Амстердамга муҳим ғалаба билан қайтишди. Энди лондонликлар жавоб ўйинида камида иккита гол уриши ёки дуранг ўйнаб, ўйинни пенальтилар сериясига олиб бориши талаб қилинади - бу эса осон эмас.
Бошқа томондан «Аякс» ЕЧЛнинг плей-офф учрашувларида 7 ўйиндан буён ғалаба қозона олмаяпти (+0=4-3), жамоа охирги марта 1996 йилда Дортмунднинг «Боруссия» клубини мағлуб этган (1:0).
Статистикага кўра, ЕЧЛнинг замонавий форматида фақат бир марта яримфинал ўйинида уй учрашувида мағлуб бўлган жамоа кейин финалга чиққан ҳолат кузатилган: бу 1995-96 йилги мавсумда «Аякс» бўлган, амстердамликлар яримфиналдаги уй учрашувида «Панатинаикос»га 0:1 ҳисобида мағлуб бўлиб, Афинада 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган.
«Тоттенҳэм» бундай натижага эришга иккинчи жамоа бўлишига ишонаётганига шубҳа йўқ.
«Ярим финалда ўйнашнинг ўзи ажойиб мотивация беради. Биз ҳамма нарса кутиш мумкин бўлган босқичдамиз. Тўғрисини айтсам, мен бу босқичда эканимиздан маза қиляпман. Биринчи ўйиндаги салбий натижамиз аҳволимизни оғирлаштирди, лекин ҳали ҳаммаси олдинда. Ҳеч ким биз мавсумнинг охирги ҳафтасида Чемпионлар Лигаси финалига чиқиш учун курашаётган бўлишимизга ишонмаганди, лекин биз буни эпладик. Қолганига ҳам ишончни сўндирмаслик керак»,- деди лондонликлар устози Маурисио Почеттино ўйиндан олдин.
Сон Хин Миннинг қайтиши

«Йохан Кройф Арена»да Почеттино «Тоттенҳэм»нинг ҳозирги вақтдаги асосий ҳужумчиси Сон Хин Миннинг хизматларидан фойдалана олиши ҳисобга олинса, инглизларнинг имкониятлари сезиларли даражада ошганини кўриш мумкин. Кореялик ҳужумчи бу мавсумни аъло даражада ўтказмоқда - барча турнирлар доирасидаги учрашувларда 20 гол ва 11 голли узатма. У «Манчестер Сити»га қарши ўйинларда ҳам асосий қаҳрамон бўлди (биринчи ўйинда ғалаба голи муаллифи ва жавоб ўйинида дубль). У «Аякс»га қарши Лондондаги биринчи ўйинни сариқ карточкалари сони ортиб кетгани туфайли ўтказиб юборишга мажбур бўлди, энди у сафга қайтиб, мезбонларнинг ЕЧЛ финалига еттинчи марта йўл олишига халал бера оладими?

















