Жамият | 14:55 / 10.05.2019
24448
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Кореяда юз берган ёнғин оқибатида ўзбекистонлик талаба ҳалок бўлди

Иллюстратив фото

Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги элчихонаси берган маълумотларга кўра, 2019 йилнинг 9 май куни ичида ўзбекистонлик талабалар Мутал Йўлдошев (1997 йилда туғилган) ва Фаррух Мўминов (1996 йилда туғилган) бўлган Сеул шаҳридаги квартирада маҳаллий вақт билан тахминан соат 14:30да ёнғин содир бўлган. 

ТИВ хабарига кўра, натижада Ф.Мўминов воқеа жойида вафот этган. М.Йўлдошев иккинчи даражали куйиш жароҳатини олган ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш учун Ханил касалхонасига олиб борилган.

Консул ва яқин дўстлари иштирокида марҳумни аниқлаш борасида амалиёт ўтказилди. Дипломатик ваколатхона вакиллари М.Йўлдошевнинг аҳволидан ҳам хабар олди. Врачлар беморнинг ҳолатини оғир деб баҳоламоқда, дейилади хабарда.

Ҳозирда полиция томонидан ёнғин сабабларини ва ҳодисага сабаб бўлган бошқа барча омилларни аниқлаш учун тергов олиб борилмоқда.

Ўзбекистон фуқаролари билан боғлиқ мазкур ҳолатни элчихона назоратда ушлаб турибди, Ханил касалхонаси раҳбарияти билан мулоқотда бўлиб турибди ва фуқаромиз жасадини ватанга жўнатиш масаласи устида иш олиб бормоқда, дея якунланади ТИВ хабари.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид