Англияда мавсум тугади. ЕЧЛ ва Европа Лигаси иштирокчилари аниқ бўлди
|02:30 / 13.05.201932 0327 мин
Англия чемпионатида 38-тур ўйинлари ўтказилди ва 2018-19 йилги мавсум якунланди.
Англия чемпионатининг 38-турида «Манчестер Сити» «Брайтон» меҳмони бўлиб, 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва чемпионликни қўлга киритди.
«Манчестер Сити» очколари сонини 98тага етказди ва ўз тарихида 4-марта Англия чемпионига айланди.
«Шаҳарликлар» кетма-кет икки марта АПЛни ютган «МЮ» ва «Челси»дан кейинги учинчи жамоага айланди.
Параллел кечган учрашувда «шаҳарликлар»нинг чемпионлик учун асосий рақобатчиси «Ливерпуль» «Вулверҳемптон»ни Садио Маненинг дубли эвазига мағлуб этди - 2:0. Юрген Клопп жамоаси 97 очко билан иккинчи ўринни эгаллади.
«Арсенал» сафарда Пьер-Эмерик Обамеянгнинг дубли ва Нкетиянинг бир голи эвазига «Бёрнли»дан устун келди (2:1), «Челси» «Лестер» майдонида голсиз дуранг ўйнади, «Тоттенҳэм Ҳотспур» ўз майдонида «Эвертон»ни енга олмади — 2:2.
«Манчестер Юнайтед» эса «Олд Траффорд»да «Кардифф Сити»га мағлуб бўлди (0:2).
Англия чемпионати турнир жадвалида «Манчестер Сити» (98) ва «Ливерпуль»дан (97) кейинги ўринларни «Челси» (72) ва «Тоттенҳэм» (71) эгаллади. Бу 4 жамоа кейинги мавсумда Чемпионлар лигасида қатнашади.
«Арсенал» эса 70 очкоси билан турнир жадвалида 5-ўринга жойлашди, «Манчестер Юнайтед» мавсумни 6-поғонада (66) якунлади. Энди «Арсенал» Европа Лигаси финалида ғалаба қозониб (29 май куни «Челси»га қарши финал ўйини), ЕЧЛга йўлланмани қўлга киритиши мумкин, акс ҳолда кейинги мавсумда ҳам Европа Лигасида иштирок этади. «МЮ» эса айни вақтда Европа Лигаси саралашида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритган. Агар Англия Кубоги финалида «Сити» «Уотфорд»ни мағлуб этса, «МЮ» Европа Лигасига тўғридан-тўғри йўл олади, «Вулверҳемптон» саралаш босқичида қатнашади.
Мавсумни 18-20-ўринларда якунлаган «Кардифф», «Фулҳем» ва «Ҳаддерсфилд» кейинги мавсумда Чемпионшипда иштирок этади. Ушбу жамоаларнинг ўрнини Чемпионшипда 1- ва 2-ўринларни эгаллаган «Норвич» ва «Шеффилд Юнайтде» ҳамда плей-офф ғолиби эгаллайди. Плей-оффнинг яримфиналидаги биринчи ўйинларда «Лидс» «Дерби Каунти»ни (1:0), «Астон Вилла» «Вест Бромвич»ни мағлуб этган (2:1).