10 май куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 168-моддаси («Фирибгарлик») назарда тутилган жиноятни содир этишда айбланиб, қўлга олинган Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори Саид-Абдулазиз Юсуповнинг жамоатчиликка ошкор этилмаган видеомурожаати ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди.
Видеомурожаат Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев номига йўлланган бўлиб, унда Саид-Абдулазиз Юсупов турли вазиятларда ўзини қандай тутгани ва бу учун хавфларга дуч келаётганини айтади.
YouTube
Tas-IX
«Агар сиз «Оқ ва Қора» кўрсатувининг ушбу сонини интернет орқали кўраётган бўлсангиз, демакки, бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Афсуски, бу сабаблар — яхши сабаблар эмас. Бу кўрсатувимни Ўзбекистон Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевга мурожаат сифатида ёзяпман», — дейди у.
2018 йили 25 сентябрда тасвирга олинган видеомурожаатни ижтимоий тармоққа юклаган укаси Муҳаммад Баҳоуддин Юсупов акаси ўша пайтда қандайдир туҳмат ва тазйиқлар исканжасида юрганини маълум қилди.
«Ўшанда жуда тошиб кетдилар. Кейин ҳар эҳтимолга қарши шу видеони ёзиб олдик. Мен акамнинг Президентимиз Шавкат Мирзиёевга қилган бу мурожаати жуда кўп нарсаларга ойдинлик киритишига ва тез кунларда оиламиз бағрига қайтишига ишонаман», — деб ёзади кичик Юсупов.
Саид-Абдулазиз Юсупов ўз сўзларида ҳар гал Президентнинг ислоҳотларини қўллаб-қувватлаши, аммо бу ҳаракатлари учун босимда қолаётганини айтган.
Бош прокуратура маълумотига кўра, ўзини ДХХ ходими сифатида таништириб, фирибгарлик йўли билан фуқаролардан 65 минг, 28 минг ва 15 минг АҚШ доллари олганликда гумон қилинаётган Юсупов Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этишдан айбланмоқда.
«С.Юсупов 2018 йили ҳам айнан шундай жиноятни содир этгани, ўзини сохта ходим қилиб кўрсатгани суд мажлисида исботини топганди. У етказилган зарарни қоплаб, тегишли тартибда жазо олганди», — дейилади прокуратура ахборотида.















