Дунёнинг 30 фоизга яқин аҳолиси хавфсиз ичимлик сувидан фойдаланиш имконига эга эмас. 2030 йилга бориб, ер шари аҳолисининг ярми сув танқис бўлган ҳудудларда яшашга мажбур бўлади. Бундай маълумотлар эса сув ресурсларини асраш мавзусига янада жиддий ёндашиш ва сув билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олишга қаратилган профилактика чораларини кучайтиришни талаб этади.

Kun.uz мухбири Марказий Осиё минтақавий экологик марказининг "UzWaterAware" лойиҳаси бўйича Германияга амалга оширган сафари доирасида ҳамюртимиз, Берлин шаҳридаги Water Integrity Network халқаро нодавлат ташкилотининг тадқиқотлар бўйича координатори, “Буюк келажак” эксперти Умрбек Аллақулов билан сув муаммолари ва уларнинг ечими ҳақида суҳбатлашди.

Фото: Аскар Якубов

-        Сиз фаолият юритаётган Water Integrity Network қандай ташкилот?

-        Water Integrity Network сув муаммолари бўйича дунё аҳлининг хабардорлик даражасини ошириш ва коррупциянинг олдини олиш тамойилларини тарғиб қилиш билан шуғулланади. Биз ўз фаолиятимиз давомида халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари билан яқиндан ҳамкорлик қиламиз. Бугунга келиб уч давлатда тўғридан-тўғри дастурларни амалга ошириб келмоқдамиз. Шу билан бирга, дунёнинг 10 дан ортиқ мамлакатида ҳамкорларимиз орқали тадбирлар уюштирамиз.

-        Бугунги кунда сув билан боғлиқ қандай долзарб муаммолар мавжуд? Уларга доир прогнозлар бўлса, келтириб ўтсангиз.

-        Тоза ичимлик суви дунёда энг нотекис тақсимланган ресурслардан биридир. Сўнгги маълумотларга кўра, дунёнинг 30 фоизга яқин аҳолиси хавфсиз ичимлик сувидан фойдаланиш имконига эга эмас. Олимлар тахминига кўра, 2030 йилга бориб, ер шари аҳолисининг ярми сув танқис бўлган ҳудудларда яшашга мажбур бўлади. Кўп мамлакатларда ичимлик суви ва суғориш суви танқислиги тобора ошиб бормоқда. Бу эса мамлакатлар ўртасида трансчегаравий сувлар ва сув объектларидан фойдаланиш ҳамда сув истеъмолига оид халқаро низоларни келтириб чиқаради. Боз устига, глобал иқлим ўзгариши бу каби муаммоларнинг янада кучайишига олиб келади ва натижада, нафақат сув танқислиги, балки сув тошқинлари ҳам кўпаяди. 

-        Сизнинг фикрингизча, сув билан боғлиқ инқирозларнинг бош сабаби нимада?