Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Кадастрнинг янгича «тактика»си: Паст Дарғомда аукционда ер сотиб олган тадбиркор сарсон қилинмоқда
Самарқанд вилоятининг Паст Дарғом туманида истиқомат қилиб келаётган Илҳом Холиқов қарийб ярим йилдан буён ўзини қийнаб келаётган муаммога ечим топмаётгани, туман мутасаддилари ўз ишларига панжа орасидан қараб келишаётганини баён этиб, таҳририятимизга мурожаат қилди.

Маълум бўлишича, у ўша вақтда МИБ қошида бўлган, «Электрон онлайн аукционларни ташкил қилиш маркази» ДУК томонидан ўтказилган онлайн аукционда тумандаги «Камолот» маҳалласида маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси қуриш учун аукционга қўйилган бошланғич баҳоси 5.182.300 сўм бўлган 0,4 га ерни 20.470.085 сўмга харид қилган ва 2018 йил 31 октябрь куни ғолиблик баённомасини қўлга киритган (лот №0015993).

Хуллас, харид қилинган ер учун тўлов қилинган, ғолиблик баённомаси қўлда. Бироқ ҳанузгача Илҳом Ҳолиқов аукциондан ютиб олган ерини қўлга кирита олмаяпти ва қурилиш ишларини бошлай олмаяпти.


Холиқовнинг бизга маълум қилишича, у вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг 2019 йил 13 февраль куни Паст Дарғом туманида ўтказилган сайёр қабулида ушбу масалани ўртага ташламоқчи бўлган ва шу мақсадда қабулга борган.
Бироқ вилоят ҳокимининг ўзи сайёр қабулда шу масалага тўхталиб, бўш ерлар бундан буён фақат аукцион орқали харид қилиниши, ерга тегишли барча ташкилотларнинг хулосалари олиб бўлингач у аукционга чиқарилиши, харидор ёки тадбиркор аукцион ўтказилгач ҳеч қандай ҳужжатлар учун югурмаслиги, туман ҳокими фақат қарор билан расмийлаштириб беришини йиғилганларга узоқ тушунтирган.
«Вилоят ҳокимининг гапларини ўшанда туман ҳокими, туман ер ресурслари ва давлат кадастри идораси раҳбарлари ва ходимлари тик туриб эшитишди, бироқ, ҳанузгача менинг масалам ҳал бўлмаяпти», дейди Холиқов.
Маълум бўлишича, тадбиркорга «Камолот» массиви (халқ тилида Ялта дейилади) Дарғом канали кўприги ёқасидаги, аукцион олдидан кўрсатилган ва савдога чиқаришда ҳужжатлаштирилган ер эмас, мутлақо бошқа жой — пастроқдан, Дарғом каналининг муҳофаза зонасидаги ер таклиф этилмоқда.


Биз бўш ётган ер майдонини аукционга чиқаришда тақдим этилган ҳужжатлар билан танишдик. У ҳужжатларда ҳақиқатдан ҳам кўприк ёқасидаги бўш ер ҳужжатлаштирилган.
Ер аукционга чиқарилишидан аввал барча тегишли ташкилотларнинг хулосаси олинган. Харитада ҳам ўша, тадбиркор кўрсатган жой қизил ранг билан ажратиб кўрсатилган.



Туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими мутахассиси Жаҳонгир Раббимов биз билан суҳбатда тадбиркор кўрсатган ер эмас, айнан пастроқдаги ер ажратилиши кераклигини таъкидлаб ўтди. Бу фикрини у юқоридаги эмас, ҳужжатлар ичидаги ушбу харитада тасвирланган ер майдони тархи билан қувватлантирди.

Яъни, у тадбиркор йўл бўйидаги қизил билан белгиланган ҳудуд эмас, сатҳи пастроқ бўлган яшил билан белгиланган ҳудудни харид қилганини айтиб ўтди.

2018 йил 14 июлда, ер аукционга чиқарилишидан аввал берилган хулосага эътибор берайлик. У ерда ажратилаётган ер майдонининг чегаралари акс тасвирланган. Яъни, у:
· шимолдан — ариқ ва йўлнинг муҳофаза чегараси билан;
· шарқдан — автомобиль йўлининг муҳофаза ери билан;
· жанубдан — маҳаллий йўл билан;
· ғарбдан — аҳоли уй-жойлари билан чегараланади, дейилган.

Энди ўша жойнинг аэрокосмик топосъёмкасига эътибор қаратамиз. Барчаси мос келяпти. Ариқ ва йўл, автомобиль йўли, аҳоли уй жойлари… Туман ер ресурслари ва давлат кадастри идораси ходимининг «аслида, аукционга мана бу ер қўйилган» деб турган жойга эса бу чегара мутлақо мос келмайди.

Туман ер ресурслари ва давлат кадастри идораси ходимлари «қаловини топиб, қорни ёндирмоқчи» бўлаётганга ўхшайди. Илҳом Холиқовнинг иддаосига кўра, тумандагилар ушбу ерни аукционда ютқазган Хосият Қобиловага олиб беришмоқчи. Гўёки бу аёл анчадан буён бу ерга ҳужжат қилиб юрган, туман ер ресурслари идорасидагилар ерни унга беришни ваъда қилиб қўйишган. Кутилмаганда, аукционда уларга мутлақо нотаниш киши ерни ютиб оляпти ва иш имкон қадар пайсалга солинмоқда.

Қолаверса, ушбу ерга шу ерда истиқомат қилувчи фуқаро Аҳмад Йўлдошев қарийб уч йилдан бери шу 40 сотих ерни ўз тракторида унумдор тупроқ ташиб тўлдириб, обод қилиб, бир ўзи оила аъзолари билан боғ барпо этгани, ерга эгалик қилиш учун туман кадастр бўлимига ҳужжатлар тақдим этганига 1 йилдан ошгани, ер сотилиб кетгани-ю, аукциондан бехабар қолганини таъкидлаб ўтди.

Паст Дарғом туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи А.Тиллаев эса вазиятни бошқача тушунтирди. Унга кўра, ушбу ер майдони ўз вақтида аукционга нотўғри чиқарилган. Бу ер Дарғом каналининг муҳофаза зонасига мансуб. Ўша пайтдаги мутасаддилар ишни гўёки нотўғри ташкил қилишган. Айнан мана шунинг учун тадбиркорга ер ҳануз расмийлаштириб берилмаяпти. Аукцион учун сарфланган пуллар қайтариб берилмайди. Шунинг учун тадбиркорга бошқа жойдан 40 сотих ер расмийлаштириб берилади.
Лекин тадбиркорга бошқа ер керакми?! У айнан мана шу жой ўнғай бўлгани учун аукционда охиригача курашиб ерни ютиб олган-ку?! Мутасаддиларнинг ерни аукционга нотўғри чиқаргани-ю, тумандаги ҳозирги раҳбарларнинг кайфияти бошқача бўлиб қолишини тушида кўрибдими у?

Қолаверса, ер аукционга чиқарилишидан олдин қатор ташкилотларнинг хулосалари олингани ва келишувлар имзолангани-чи? У ташкилотларнинг ҳаммаси нотўғри қилганми? Мутахассис Жаҳонгир Раббимовга кўра, ҳа, нотўғри қилинган. Чунки ерни аукцион орқали сотиш энди-энди йўлга қўйилаётган пайтда кўпчилик буни тушунмаган. Ташкилотлар тушуниб-тушунмасдан хулоса бериб юбораверган.



Тавба… Қизиқ вазият юзага келяпти-да. Кадастр бўлими мутахассиси Ж.Раббимов «бу ер эмас, бошқа ер аукционга чиқарилган», дейди. Раҳбари эса «ўша ерлиги тўғри, лекин аукционга нотўғри чиқарилган», демоқда. Ростдан ҳам, қандайдир сирли ҳолат бор. Нима бўлганда ҳам, бўш ерда 2019 йил 19 сентябргача маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси бунёд этилиши керак. Айтилган муддатгача қилинмаса — ер тортиб олинади.

Пастдарғомлик мутасаддиларнинг «тактика»сига тасанно айтишдан бошқа илож йўқ. Имкон қадар, ерни ҳужжатлаштириш сўнгги муддатгача пайсалга солинади. Сўнгра ер тортиб олинади. Тадбиркор «отангга бор-онангга бор», деб «юракўйноғи» қилинади ва у жонига теккач ер учун тўлаган 20 миллион сўмидан ҳам воз кечиб юборади. Чунки аукционда ер харид қилиш учун ишлатилган пул ҳеч қачон қайтариб берилмайди!
Бу ҳолни ҳоким — тумандаги ҳар бир қарич ернинг эгаси, ҳалол раҳбар, ўзининг иддаосига кўра ватанпарвар, ҳар қандай ишда адолат бош тамойили бўлган Шунқор Фармонович Худойбердиев қандай изоҳлар экан? Албатта, бу барчамизга қизиқ… Чунки харид қилинган ер учун туман ҳокими қарорини чиқариш ва ишни бошлаш қолган.
Аммо қўрқамизки, бу мурожаат ижобий ҳал қилинмаслиги мумкин. Чунки сўнгги пайтларда таҳририятимизга бот-бот мурожаат қилаётган пастдарғомликларнинг муаммолари мутасаддилар томонидан атайлаб ҳал қилинмасдан, улардан ўч олиш мақсадида, беписандларча тескарисига иш тутилиши, боз устига, давлат нашрларининг пропагандадан бошқасига ярамайдиган, халқнинг муаммо ва мурожаатига қулоқ тутиш зеҳниятига ёт бўлган айрим «чўнтак журналистлари» ёрдамида ҳокимликнинг бундай хатти-ҳаракатини хаспўшлаш кузатилмоқда.
Умид қиламиз, бу сафар бундай бўлмайди. Туман ҳокимлиги ва идоралар ушбу масалани адолатли ҳал қилишади ва тадбиркор ҳалол пулига харид қилган ерига эга чиқади. Зеро, фуқаро Kun.uz’ники эмас, Паст Дарғомники. Шунчаки, у пастдарғомлик масъулларга мурожаат қилавериб, бироз чарчаган… шунинг учун дардини матбуотга олиб чиқишга мажбур бўлган. Мақсади кимнидир шарманда қилиш эмас — муаммоси тезроқ ҳал бўлиши.
Kun.uz воқеалар ривожини кузатишда давом этади, республика, вилоят ва туман мутасаддиларидан мазкур қонунбузарлик борасида жўяли жавоб кутади.
Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
11:21 / 20.04.2026
Парвариш хизмати кўрсатувчи тадбиркорлар 2030 йилгача солиқдан озод этилади
20:45 / 16.04.2026
Тўрт ой олдин сотилган Қурилиш вазирлиги биноси яна қайта аукционга қўйилди
12:15 / 10.04.2026
Хоразмда 7 минг сўмдан палов сотган тадбиркор жаримага тортилди
11:47 / 09.04.2026