30 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи билан 156 нафар ватандошимиз Яқин Шарқдаги қуролли ҳаракатлар давом этаётган нуқталардан Ўзбекистонга қайтарилди. Улар Тошкент халқаро аэропортида кутиб олинди.

Республика махсус хизматлари томонидан хорижий ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширилган «Меҳр» номли мазкур амалиёт доирасида ватанга қайтарилганларнинг асосий қисмини аёллар ва ёш болалар ташкил қилади. Жумладан, улардан 48 нафари аёллар ва 107 нафари эса ёш болалардир.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра, ушбу гуманитар амалиёт инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги асосий халқаро ҳужжатларга тўлиқ риоя этган ҳолда, шунингдек, халқаро гуманитар ҳуқуқнинг меъёр ва тамойилларидан келиб чиқиб амалга оширилди. «Бу хорижий жангари-террористлар билан алоқадор ҳамда терроризм қурбонлари бўлиши мумкин бўлган аёллар ва болаларга ёрдам кўрсатиш муҳимлиги БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2396-резолюцияси билан ҳам тасдиқланган», дейилади баёнотда.

Тошкент халқаро аэропортидаги кутиб олиш тадбирида қатнашган Kun.uz мухбири тадбир жараёнларини ёритиши билан бирга экстремистик ва террористик ташкилотларнинг ғоялари қурбони бўлган турмуш ўртоқлари ёки бошқа яқинлари таъсирида ўйламай қадам босган аёллар ва уларнинг болаларидан бир нечтаси билан суҳбатлашди.

Видео: Youtube

Видео: mover (tas-IX)

https://mover.uz/video/embed/KalmRcDm/

«Дадам урушда ўлди, энди мактабда ўқимоқчиман»
(Биринчи суҳбатдош Зарина, 11 ёшда)

Самолётдан тушиб келаётган бу қизалоқни суҳбатга тортар эканмиз, унинг кўзларидаги мунг ва ўзи айтиб берган тақдирини эшитиб даҳшатга тушдик.

«У ёққа (Сурияга – таҳр.) 3 йил аввал дадам, онам билан кетганмиз. Бу ерга (Ўзбекистонга – таҳр.) онам билан қайтдик. Дадам урушда ўлдилар. Сурияда мактаблар йўқ эди, энди мен ҳам мактабда ўқимоқчиман».