30 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев топшириғи билан 156 нафар ўзбекистонлик Яқин Шарқдаги қуролли ҳаракатлар давом этаётган нуқталардан ватанга қайтарилди. 
Республика махсус хизматлари томонидан хорижий ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширилган «Меҳр» номли мазкур амалиёт доирасида ватанга қайтарилганлар Тошкент аэропортида кутиб олинди.

Фото: Президент матбуот-хизмати

Kun.uz сайтида мазкур тадбир жараёнларидан тайёрланган «Суриядан қайтганлар: «Бизни қутқариб олиш осон бўлмади...» сарлавҳали хабар нашр этилди. Унда адашиб ўзга юртга бориб қолган, оғир ҳаётий даврни бошидан ўтказган инсонларга эндиликда ҳукумат томонидан тиббий, психологик, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилиши, уларнинг тинч ҳаётга қайтиб, жамиятга мослашишлари, таълим ва ижтимоий дастурларда иштирок этишлари учун зарур шароит яратилиши маълум қилинганди.

31 май куни Kun.uz мухбири Тошкент вилоятидаги «Бўстон» санаториясида бўлиб, Ўзбекистонга қайтарилган ватандошлар учун яратилган шароитлар билан танишди ҳамда улар билан суҳбатлашди.

Видео: Youtube

Видео: mover (tas-IX)

Мазкур сиҳатгоҳ Тошкент шаҳридан 30 км узоқликда «Зах» канали соҳилида, денгиз сатҳидан 450 метр баландликда жойлашган. Бу ерга Яқин Шарқдаги қуролли ҳаракатлар давом этаётган нуқталардан Ўзбекистонга қайтарилган 156 нафар ватандошимиздан 154 нафари вақтинча жойлаштирилган, сил касаллиги билан оғриган бир нафар киши касалхонага жойлаштирилган бўлса, Сурия қамоқхонасидан олиб келинган яна бир киши суриштирув ва тергов ишларига жалб қилинган.

«Биз жанг овозини Сурияга борганимизнинг иккинчи йилида эшитдик...»