1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунида Мудофаа вазирлиги ташаббуси билан Мирзо Улуғбек туманида жойлашган «Авайхон» маҳалласида байрам тантаналари бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон мудофаа вазирининг ўринбосари генерал-майор Азизбек Икрамов, Ички ишлар вазирлиги Мирзо Улуғбек туман бошқармаси вакиллари ҳамда туман ҳокимлиги раҳбарияти сўзга чиқиб, барча болажонларни муборакбод этишди.

 

Тадбир аввалида Мудофаа вазирлиги Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти курсантлари томонидан Ички ишлар вазирлиги бўлинмалари учун яратилган мобил илованинг тақдимоти бўлиб ўтди. Мазкур мобил илова ички ишлар орган ходимлари билан фавқулодда мулоқот қилиш учун қулай восита ҳисобланиб, жиноятчиликка қарши курашишда кенг самара бериши кутилмоқда.

Шундан сўнг, болажонлар учун орзиқиб кутилган байрам тантаналари очиқ деб эълон қилинди. Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли ҳамда Ҳарбий оркестр томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар барчага байрамона кайфият улашди.

Қуролли Кучлари академияси курсантлар томонидан ижро этилган саҳна кўринишлари ҳамда қўл жанги элементлари эса байрамни ҳақиқий шоуга айлантириб юборди.

Тадбир давомида ташкил этилган турли беллашув ва спорт ўйинларида фаол иштирок этган болажонларга китоб ва эсдалик совғалари ҳадя этилди.