Ўзбекистон | 17:20 / 04.06.2019
33622
2 дақиқада ўқилади

Абдулла Арипов: ғиштнинг ўрнига газобетон, пенобетон ишлаб чиқаришни кенгайтириш керак

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов фарғоналик тадбиркорлар билан учрашув чоғида яқин орада мамлакатда ғишт ишлаб чиқариш тўхтатилишини маълум қилган. 

Kun.uz манбасининг хабар беришича, Бош вазирнинг Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида тадбиркорлар билан учрашуви вақтида тадбиркорлардан бири пишиқ ғиштни экспорт қилиш, ишлаб чиқариш қувватини ошириш учун қўшимча имтиёзлар тақдим этилишида амалий ёрдам сўраган.

Ҳукумат раҳбари бунга жавобан тадбиркорларга юзланиб яқин орада мамлакатда ғишт ишлаб чиқариш тўхтатилишини маълум қилган ва бунга изоҳ берган.

«Фурсатдан фойдаланиб тадбиркорларга шуни айтмоқчиманки, ғишт ишлаб чиқаришга зўр бераверманглар. Яқин орада мамлакатда ғишт ишлаб чиқариш тўхтатилади. Бунинг табиий ва иқтисодий зарари кўп. Тупроқни қайта тиклаб бўлмайди. Ернинг унумдорлиги пасайиб кетади. Газ сарфи катта. Экология ва атроф-муҳитга салбий таъсири юқори. Собиқ иттифоқ мамлакатларидан ташқари, кўплаб давлатлар, хусусан, Европа давлатларида ғишт ишлаб чиқаришдан аллақачон воз кечишган. Бунинг ўрнига газобетон, пенобетон ишлаб чиқаришни кенгайтириш керак. Иморатимиз сифатли бўлади. Уйнинг ҳароратини меъёрда сақлайди. Қулай томонлари кўп. Агар сиз газобетон, пенобетон ишлаб чиқараман десангиз, ёрдам беришга тайёрман», деган ҳукумат раҳбари.

Маълумот учун, Қўқон шаҳрида ўтказилган тадбиркорлар билан учрашувда жами 17 мурожаат қабул қилинган. Шундан 9 таси жойида ўз ечими топган бўлса, 5 тасига йўналиш ва тавсиялар кўрсатилган, 3 тасини ҳал этиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.

 

Мавзуга оид