5 июнь куни Чехия пойтахти Прага шаҳрида ўн минглаб кишилар мамлакат бош вазири Андрей Бабишга қарши норозилик акциялари бошлашди. Reuters хабарига кўра, улар мансабини суиистеъмол қилишда гумонланаётган ҳукумат раҳбари истеъфосини талаб қилишмоқда.

Ташкилотчиларнинг баҳоларига кўра, Прагадаги Вацлавск майдонига қарийб 120 минг киши тўпланган. Бу акция Прагада 1989 йилда ўтказилган «Бахмал инқилоби»дан буён ўтказилган энг йирик намойиш бўлмоқда. 30 йил олдинги намойишларда юз минглаб кишилар иштирок этган ва якунда ҳуқуқ фаоли Вацлав Гавель ЧССР (Чехословакия) президентига айланганди.

Бош вазир ва миллиардер Андрей Бабишга қарши норозилик кайфияти апрель ойи охирида кучайганди. Ўшанда Чехия полицияси ҳукумат раҳбари фирибгарлик иши бўйича судга тортилиши кераклигини маълум қилганди. Намойишчилар Чехия Адлия вазирлигининг янги раҳбари Мария Бенешова ҳам мазкур ишга алоқадорлигини гумон қилишмоқда.

Бабиш иши Европа Иттифоқи томонидан ажратилган 2 миллион евро миқдоридаги субсидияни бош вазир билан алоқадор компания қўлга киритгани билан боғлиқдир. Бабишнинг ўзи айбловларни инкор этмоқда ва бу иш сиёсий рақиблари томонидан ташкиллаштирилганини иддао қилмоқда.

Кўчаларга кимлар чиқди?

Фото: EPA

«Демократия учун миллион лаҳза» гуруҳи апрель ойи охиридаёқ оммавий намойишларни ташкиллаштира бошлаганди. Охирги марта, ўн кунча муқаддам Вацлавск майдонига 50 минг киши йиғилганди.

Ташкилотчиларнинг сўзларига кўра, сешанба куни намойишчилар сони икки баробар ортган. Бу эса Прагада сўнгги 30 йилдаги энг йирик намойишлар бўлиб ўтмоқда, деганидир.

Намойишчилар қўлларига Бабишнинг «кет» ёзуви туширилган портретларини кўтариб олишган. Шунингдек, бош вазир жиноятларда айбланган саҳна кўринишлари намойиш этилмоқда.