Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 4 июнь кунги 460-сонли қарори билан Йўл ҳаракати қоидаларининг 138-банди (Куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспорт воситалари яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шартлиги)га оид талаби 2021 йил 1 январдан бошлаб кучга кириши белгилаб қўйилди.

Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади. Кундузи чироқ ёқиб юришга оид қоида расман кучга кирган кундан то 4 июнь (ушбу талаб бекор бўлган кун)га қадар кундузи чироқ ёқиб юрмаган ҳайдовчиларга нисбатан расмийлаштирилган маъмурий баённомаларнинг тақдири нима бўлади?

Ушбу саволга жавоб беришдан аввал масаланинг бошқа бир жиҳатига эътибор қаратамиз. Яъни, Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 9 апрелдаги 292-сонли қарори билан Йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, унинг 138-банди «Куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспорт воситалари яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шарт» дея янги таҳрирда баён этилди.

Эътибор бериш керак бўлган жиҳати шундаки, Вазирлар Маҳкамасининг 4 июнь куни қабул қилинган 460-сонли қарорида Йўл ҳаракати қоидаларининг ушбу банди (138-банд) ўзгартирилмади ёки бекор қилинмади. Фақат Ички ишлар вазирлигига 1 ой муддат ичида тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш киритиш вазифаси юкланди. Яъни йўл ҳаракати қоидаларининг куннинг ёруғ вақтида чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шартлиги ҳақидаги қоида ҳозирча ўз кучида турмоқда, ҳали бекор бўлмади.

Бундай вазиятда ҳуқуқий жиҳатдан қайси бирига амал қилиш керак? 9 апрелдаги қароргами ёки 4 июндаги? Бирида ёқиб юр дейилган, иккинчисида 2021 йилгача ёқмаса ҳам бўлади дейилган.

Бундай ҳолатда «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонуннинг 16-моддаси бизга ёрдамга келади. Унда айтиладики, тенг юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида тафовут бўлган тақдирда кейинроқ қабул қилинган ҳужжат қоидалари амал қилади. Демак, гарчи иккита қарор бир-бирига зид бўлсада, 4 июндаги қарор юридик кучга эга бўлади ҳамда чироқларни бемалол ёқмай юриш мумкин (айрим ҳолатлардан ташқари).

Бевосита асосий масалага қайтадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 9-моддасига кўра, маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни енгиллаштирувчи ёки бекор қилувчи ҳужжатлар орқага қайтиш кучига эгадир, яъни ушбу ҳужжатлар чиққунга қадар содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолларига ҳам тааллуқлидир.